Қозоғистон сунъий монополиядан қутулса, хусусий сармоя ҳажми ортади – ўзбекистонлик эксперт

Өзбекстандық сарапшы
Фото: Ю.Юсуповнинг шахсий архивидан

TASHKENT. Kazinform – Бюджет тақчиллиги муаммосига давлатнинг иқтисодиётдаги катта улуши сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонлик иқтисодчи Юлий Юсупов ҚР Ҳукуматининг кенгайтирилган йиғилишида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан илгари сурилган ташаббуслар юзасидан шундай фикр билдирди. Бу ҳақда Каzinformнинг Тошкентдаги мухбири Алихан Асқар ёзди.

“Йиғилишда молиялаштириш билан боғлиқ муҳим масалалар кўтарилиб, бюджет камлиги айтилди. Менимча, бу муаммолар давлатнинг иқтисодиётдаги улуши катталигидан келиб чиқади. Давлатнинг хусусий сектордан молиявий харажатларга эга бўлиши оқилона. Барча лойиҳаларни давлат томонидан молиялаштириш иқтисодиётга оғирлик қилади. Баъзида амалга оширилган дастурлар керакли натижаларни бермайди. Бу вақтда давлат зарар кўради”, – деди Юлий Юсупов.

Мутахассис таъкидлаганидек, агар давлатнинг иқтисодиётдаги улуши хусусий сектор томонидан алмаштирилса, Қозоғистон бозорида юқори рақобат шаклланади. Бунинг учун биринчи навбатда мамлакатдаги сармоявий муҳитни яхшилаш муҳим.

“Қозоғистондаги сармоявий муҳит ёмон эмас. Бироқ, бир қатор муаммолар мавжуд. Масалан, Қозоғистоннинг аввалги Ҳукумати қўшилган қиймат солиғини ошириш ташаббусини қўллаб-қувватлаган эди. Бундан ташқари, бир қатор тармоқларда сунъий монополия мавжуд. Улар ривожланишга тўсқинлик қиладилар. Бюрократия ва монополиядан қутулсак, хориждан хусусий сармоялар кела бошлайди. Бўшлиқлар бартараф этилмаса, давлатнинг бевосита аралашуви билангина маблағлар сунъий равишда жалб қилинади”, – дея таъкидлади ўзбекистонлик иқтисодчи.

ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам Сув вазирлиги фаолиятини танқид қилди. Экспертнинг фикрича, Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув-энергетика соҳасида мулоқотлар учун форум яратиш муҳим.

“Бугунги кунда сув танқислиги жуда муҳим муаммога айланди. Бунинг учун ҳар бир давлат мустақил ҳаракат қилишни бас қилиб, биргаликда ҳаракат қилиши керак. Шунга кўра, Марказий Осиё давлатлари учун умумий мулоқот платформасини яратиш зарур. Ҳозирда сув ҳажмини тақсимлаш билан фақат давлатлараро комиссия ишлаяпти”, – деди Юлий Юсупов.

Унга кўра, Президент ҳар бир соҳадаги долзарб масалаларни айтиб ўтди. Эндиликда масъул бўлимлар ўша топшириқлар бўйича самарали ва оқилона қарорлар қабул қилишни бошлайди. Маъруза якунида иқтисодчи Қозоғистоннинг янги тузилган Ҳукумати минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилишига ишонч билдирди.

Сўнгги хабарлар