Қозоғистон СПЕКА мамлакатларига 175 турдаги нохомашё экспортини кўпайтиришга тайёр – Президент
Қозоғистон СПЕКА мамлакатларига умумий қиймати 2,3 миллиард доллар бўлган 175 турдаги нохомашё экспортини оширишга тайёр. Бу ҳақда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти бўйича махсус дастури (СПЕКА) иштирокчи давлатлари раҳбарларининг биринчи саммитида айтиб ўтди. Бу ҳақда Kazinform Ақордага таяниб хабар беради.

Давлат раҳбари 1997 йилда Қозоғистон БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастурини яратиш ташаббуси билан чиққанини таъкидлади.
Қозоғистон Республикаси Президенти мамлакатнинг барча фуқаролари ижтимоий, технологик ва иқтисодий тараққиёт афзалликларидан тенг фойдаланиши мумкин бўлган инклюзив келажакни таъминлаш мақсадида ушбу дастурни амалга оширишни давом эттириш ниятида эканлигини қайд этди.
Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон учун барқарор ривожланиш минтақавий марказини ташкил этиш ташаббуси ҳам ана шу мақсаддан келиб чиққан.
“Мамлакатларимиз савдо ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун кенг имкониятларга эга. Кўриниб турибдики, Қозоғистон ва СПЕКАга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо айланмаси жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми учдан бирга ошиб, қарийб 10 миллиард долларга етди. Ўйлайманки, яқин келажакда бу кўрсаткични икки баробарга ошириш учун тўлиқ имконият бор. Биз бир-биримизга рақобатбардош нархларда турли хил маҳсулотларни етказиб бера оламиз. Шу тариқа бошқа мамлакатлардан импортни камайтириш мумкин. Қозоғистон СПЕКА мамлакатларига умумий қиймати 2,3 миллиард доллар бўлган 175 турдаги нохомашё экспортини оширишга тайёр. “Яшил” йўлакларнинг яратилиши ва турли тўсиқларнинг олиб ташланиши савдо ҳамкорлигимиз, жумладан, қурилиш, кимё ва озиқ-овқат саноати соҳаларидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлайди. Шу билан бирга, биз ҳамкорларимизнинг тегишли таклифларини кўриб чиқишга тайёрмиз”, — деди Давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, саммит давомида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Грузия Бош вазири Ираклий Гарибошвили, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркманистон Вазирлар кабинети раиси ўринбосари Хўжамурод Гелдимуродов, БМТнинг Европа иқтисодиёти бўйича Ижрочи котиби Татьяна Молчан, Тинч океани бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ЭСКАТО) Ижрочи котиби Армида Салсия Алишаҳбана, шунингдек, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Ясем Ал-Будаивий сўзга чиқди.
Давлат раҳбари Қ.Тоқаев БМТнинг Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти бўйича дастури (СПЕКА) саммитида иштирок этиш учун бугун Бокуга амалий ташриф билан боргани ҳақида хабар берган эдик. Қасим-Жомарт Тоқаев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашиб, музокаралар олиб борди.