Қозоғистон Бош вазири ШҲТ давлатлари ҳукумат раҳбарларини қатор муҳим вазифаларни бажаришга чақирди
Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида Қирғизистон Республикаси раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Кazinform мухбири.
Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида нутқ сўзлади.
Қозоғистон Ҳукумати раҳбари йиғилиш иштирокчилари эътиборини ташкилот доирасида амалга оширилиши зарур бўлган қатор вазифаларга қаратди.
– Биринчи вазифа – ШҲТ билан ташқи савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришни кучайтириш. 20 йилдан ортиқ вақт ичида минтақалараро товар айирбошлаш ҳажми 100 баробар ошди. 2022 йил якунларига кўра, Қозоғистоннинг ШҲТ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ошиб, 61 миллиард долларга етди, - деди Қозоғистон Республикаси Бош вазири.
Унга кўра, асосий йўналишлардан бири электрон савдодир. Турли ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда ШҲТнинг электрон савдодан тушган умумий даромади 1,5 триллион долларга етиши мумкин.
Иккинчи вазифа – ШҲТ давлатларининг географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда тўлиқ миқёсдаги транспорт тармоғини яратиш.
Қозоғистон “Бир макон, бир йўл” глобал лойиҳасини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Ушбу ташаббус Транскаспий халқаро транспорт йўналиши билан бир қаторда “Шарқ-Ғарб” ва “Шимол-Жануб” йўлаклари имкониятларини очишнинг зарурий шартларидан биридир. Биз транспорт соҳасида ҳамкорлигимизни кенгайтиришимиз керак. Автомобилда юк ташиш бўйича амалдаги халқаро шартнома ШҲТ ҳудудида тўлиқ амалга оширилмаяпти.
Транспорт вазирлигига минтақадаги мавжуд халқаро йўналишларни ҳисобга олишни ва уларга янги самарали ёндашувни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар беришни тавсия қиламиз.
Шунингдек, сармоявий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ҳамкорликдаги асосий вазифалардан бири бўлиши керак.
– Инвестиция фондларини ривожлантириш учун институтларимиз фаолият юритадиган платформа яратиш зарур.
Шу муносабат билан Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ШҲТ сармоя фондини яратиш ташаббусига эътиборингизни қаратмоқчиман. Бу борада ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро иттифоқ фаоллигини кутамиз, - деди Бош вазир.
Тўртинчи вазифа – ШҲТ мамлакатлари иқтисодиётини технологик тараққиётнинг янги босқичига кўтаришни жадаллаштиришнинг аҳамияти.
А.Смаиловнинг фикрича, бу ерда асосий ғоя инновация ва янги ишлаб чиқаришлар яратиш бўлиши керак.
– Фурсатдан фойдаланиб, сизларни 2024 йил феврал ойида бўлиб ўтадиган «Digital Almaty» рақамли форумида иштирок этишга таклиф қиламан. У ШҲТ маконида рақамли марказни шакллантиришга бағишланади, - деди у.
Кейинги вазифа - ташкилот ҳудудида туризмни ривожлантириш.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ўзига хос жиҳати ёрқин цивилизация меросидир. Мамлакатларимиз ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар ва ноёб қадимий обидалар ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Бу минтақавий туризмни жонлантириш учун мустаҳкам пойдевор ва кенг имкониятлар майдонидир.
Қозоғистон бу жараёнга ҳисса қўшишга тайёр. Келгуси йили раислигимиз доирасида Туркистонда ШҲТнинг “Олтин Ўрда ва унинг мероси” халқаро конференциясини ўтказамиз. Ўшанда “ШҲТнинг муқаддас жойлари” лойиҳасини тақдим этишни режалаштирганмиз.
– ШҲТ жадал ривожланаётган халқаро тузилмалардан бири сифатида ўз қадр-қимматини намоён этиб, умумий манфаатларга хизмат қилади. Қозоғистон Ҳукумати ўз ҳамкорлари билан яқин ҳамкорликни давом эттиришга, мамлакатимиз ва бутун минтақа учун самарали натижаларга эришишга тайёр, – дея хулоса қилди Алихан Смаилов.