Қозоғистон Республикасида адолатли, мувозанатли ва демократик сиёсий тизимнинг асослари яратилган - Маулен Ашимбаев

Қозоғистон Республикаси
Фото: gov.kz

Бугун, 26 ноябрь куни 2022 йилги умумхалқ сайлови натижаларига кўра Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевнинг мамлакат Президенти лавозимига расман киришганига роппа-роса бир йил тўлди. Бир йил аввал қозоғистонликларнинг мутлақ кўпчилиги Давлат раҳбари томонидан таклиф этилган ислоҳотлар дастури ва адолатли Қозоғистон қуриш йўналишини қўллаб-қувватлаган эди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев ўзининг Faceboоkдаги саҳифасида маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

Маулен Ашимбаев таъкидлаганидек, ўтган даврда мамлакат ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётининг барча жабҳаларига дахлдор муҳим ўзгаришлар рўй берди.

Сиёсий тизимни демократлаштириш доирасида ҳокимиятнинг барча тармоқлари қайта ишга туширилди, жиддий қадамлар ташланди. Сиёсий тизимда тийиб туриш ва мувозанат тизими мустаҳкамланди. Ҳудудлар мустақиллиги мустаҳкамланди. Маъмурий ислоҳот бошланди.

Янгиланган сайлов тизими асосида барча даражадаги Мажилис ва Маслиҳатларга сайловлар, туман ва қишлоқлар ҳокимлари сайлови бўлиб ўтди.

Умуман олганда, ўтган йил давомида мамлакатда адолатли, мувозанатли ва демократик сиёсий тизимнинг пойдевори қўйилди.

Қозоғистонликларнинг фаровонлиги ва ҳаёт сифатини ошириш борасида кўп ишлар қилинди.

Ижтимоий сиёсат самарадорлигини ошириш мақсадида Ижтимоий Кодекс қабул қилинди. “Қулай мактаб”, “Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш”, «Овул омонати» лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда. Келгуси йил бошидан Президентнинг “Болаларни қўллаб-қувватлаш миллий жамғармаси” дастури доирасида тўловлар бошланади.

Адолатли иқтисодий тизим барпо этишда аниқ натижалар бор. Монополия ва коррупцияга қарши кураш олиб борилмоқда. 1 триллион тенге миқдоридаги ноқонуний активлар, шунингдек, фойдаланилмаётган 8 миллион гектарга яқин ер давлатга қайтарилди. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларнинг фаол кириб келиши давом этмоқда. Ташқи савдо ҳажми ортиб бормоқда. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли 2023 йил охиригача иқтисодий ўсиш 5 фоиз даражасида кутилмоқда.

Бу ва бошқа кўрсаткичлар Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидан далолат беради.

Шу тариқа, ўтган йили кўп ишлар қилинди. Лекин олдинда ҳали етарлича ишлар бор. Давлат раҳбари 2029 йилга бориб мамлакат ялпи ички маҳсулотини икки баробарга кўпайтириб, 450 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйди. Шунингдек, иқтисодиётни диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва самарадорликни ошириш, мамлакатнинг барча ҳудудларида инфратузилмани модернизация қилиш, қозоғистонликлар фаровонлигини янада ошириш бўйича стратегик вазифалар ҳам бор.

Ушбу ва бошқа вазифаларни муваффақиятли ҳал этишда қозоғистонликларнинг мамлакат Президенти Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаев сиёсати атрофида янада бирлашиши жуда муҳим.

Биз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан адолатли, янгиланган, инклюзив ва демократик Қозоғистон қуриш доирасида белгиланган барча мақсадларга эриша оламиз.

Сўнгги хабарлар