Қозоғистон Президенти йил охирида расмий ташриф билан Японияга бориши мумкин
ASTANA. Kazinform — ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг йил охирида Японияга расмий ташрифи ташкил этилиши масаласи муҳокама қилинди.

Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу маълум қилди.

“Аввало, таклифимни қабул қилиб, Қозоғистонга илк расмий ташриф билан келган қадрли ҳамкасбим, Япониянинг Ташқи ишлар вазири Такеши Ивая жанобларига миннатдорчилик билдираман. Ҳозирги геосиёсий вазиятда ташрифингизни икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш йўлидаги қулай қадам сифатида қабул қиламиз. Бу йил Токиодаги учрашувдан кейин қисқа фурсат ичида яна сиз билан учрашиб турибмиз. Учрашув давомида кун тартибидаги масалаларни муҳокама этдик”, — деди Мурат Нуртилеу ОАВ олдида баёнот бериб.

Ташқи ишлар вазирининг маълум қилишича, икки томонлама музокаралар мазмунли ва самарали ўтди.

“Япония Осиё ҳудудидаги ишончли стратегик шерик давлат эканини япон делегациясига алоҳида таъкидладим. Агар келажакда ўзаро комплиментар имкониятларимизни бирлаштирсак, савдо ҳажми ортиши шубҳасиз. Қозоғистон ва Япония ўртасидаги савдо айланмаси 2,5 миллиард долларга яқинлашди. Йил охиригача Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Японияга расмий ташрифи масаласини атрофлича муҳокама қилдик”, — деди вазирлик раҳбари.

Бугун Астанага илк расмий ташриф билан Япония Ташқи ишлар вазири Такеши Ивая келди.