Қозоғистон Президенти ва Саудия Арабистони Валиаҳд шаҳзодаси музокара ўтказди
Қозоғистон Президентини аэропортда Қирол маслаҳатчиси, Макка вилояти ҳокими Файсал Холид бин Абделазиз, шунингдек, Саудия Арабистони Қироллиги атроф-муҳит, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги вазири Абдураҳмон Ал-Фадли кутиб олди.
Шундан сўнг Президент расмий учрашув учун Қиролнинг «Қаср ас-салом» саройига йўл олди.
Фахрий қоровул бошлиғи икки давлат раҳбарларига ҳисобот берди. Қозоғистон ва Саудия Арабистони давлат мадҳиялари янгради, расмий делегациялар аъзолари Қасим-Жомарт Тоқаев ва Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Саудга таништирилди.
Шундан сўнг Давлат раҳбари ва Валиаҳд шаҳзода музокара ўтказди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Саудия Арабистони Қироли ва Валиаҳд шаҳзодасига Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Саудга кўрсатган хушмуомалалик, таклиф ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Қозоғистон Президентининг сўзларига кўра, бу ташриф жуда муҳим, чунки у Давлат раҳбари сифатида Саудия Арабистонига илк бор ташриф буюрмоқда.
Қасим-Жомарт Тоқаев Саудия Арабистони Қозоғистоннинг асосий стратегик ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади.
– Саудия Арабистони Қозоғистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган. Бу даврда турли йўналишлардаги ҳамкорлигимиз мустаҳкамланди. Ҳозир Қозоғистон-Саудия муносабатлари юқори даражада. Бироқ, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлаш вақти келди. Бу мамлакатларимиз манфаатларига мос келадиган умумий қарор. Ўзаро манфаатли муносабатларимиз бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб бораверади, деб ишонаман, – деди Давлат раҳбари.
Музокараларда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Қозоғистон саудиялик сармоядорлар учун ўзаро манфаатли турли истиқболли соҳаларда алоҳида шарт-шароитлар ва кенг имтиёзлар таклиф қилишга тайёр.
Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада ошириш ниятида эканликларини ва икки мамлакат ҳукуматлари тез орада бу йўналишдаги ишларни фаоллаштиришини аниқлаштиришди.
Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар даражаси яхши эканини, уни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун кўплаб имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Шунингдек, бу борадаги ишларни жонлантириш зарурлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ва Саудия Арабистони ишбилармонларини бирлаштирган Ишбилармонлар кенгашининг роли катта бўлади.
Тахт вориси Давлат раҳбарининг расмий ташрифи доирасида ўтказиладиган сармоявий давра суҳбатида қиролликнинг йирик компаниялари вакиллари иштирок этишини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси томонидан мувофиқлаштирилган бир қатор лойиҳалар бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш муҳим ҳисобланади.
Хусусан, Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг айтишича, Қироллик компаниялари Қозоғистон қишлоқ хўжалиги соҳасига сармоя киритишдан манфаатдор. Унинг сўзларига кўра, бу йўналиш глобал озиқ-овқат инқирози шароитида янада долзарб бўлиб бормоқда.
Қасим-Жомарт Тоқаев Тахт ворисини давлат ташрифи билан Қозоғистонга таклиф қилди.
Муҳаммад бин Салмон ушбу таклифни мамнуният билан қабул қилишини айтиб, эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича аниқ натижаларни муҳокама қилиш учун Қозоғистонга ташриф буюришга тайёрлигини билдирди.