Қозоғистон Президенти ва Европа Кенгаши Президентининг матбуот учун қўшма баёноти
2022 йилнинг 27 октябр куни Қозоғистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги арафасида Астанада Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Очиқ, дўстона ва конструктив руҳда ўтган музокаралар чоғида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ва Президент Шарль Мишель сўнгги 30 йил давомида Қозоғистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар юксак даражада ва жадал ривожланиб бораётганини тасдиқладилар. Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, чуқурлаштириш ва кенгайтиришга келишиб олдилар.
Томонлар БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқ ҳамда суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига қатъий содиқликларини тасдиқладилар. Президентлар тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, шунингдек, келишмовчиликларни дипломатик йўллар билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидладилар.
Томонлар Қозоғистон ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясини, шунингдек, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё учун ўзаро боғлиқлик ва бошқа секторлар бўйича янги ташаббусларини келгусида ва тўлиқ амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.
Президентлар сўнгги 30 йил ичида сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг юқори суръатларини олқишладилар. Улар Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг асосий савдо ва сармоявий ҳамкори эканлигини мамнуният билан қайд этдилар. Шу муносабат билан президентлар Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида «яшил» иқтисодиёт, энергия самарадорлиги, рақамлаштириш ва ўзаро алоқа соҳаларида мавжуд салоҳиятдан фойдаланиш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашувда критик хомашё материаллари (КХМ), айниқса, ноёб тупроқ металлари соҳасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар КХМ соҳасида стратегик шерикликни ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар ва Қозоғистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида хом ашё, аккумулятор ва яшил водороднинг барқарор қиймат занжири соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланганини олқишладилар. Шу нуқтаи назардан, улар ишбилармонлик муҳитини доимий равишда яхшилаш ва Қозоғистонга Европа Иттифоқи сармояларини янада жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Европа Иттифоқи санксияларининг Қозоғистон иқтисодиётига салбий таъсирининг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Президент Шарль Мишель Европа Иттифоқи санкциялари учинчи давлатларга қаратилмаганлигини тасдиқлади ва халқаро санкциялардан қочиш ва четлаб ўтишнинг олдини олиш муҳимлигини таъкидлади. Томонлар, шунингдек, Қозоғистонга санкциялардан ҳоли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи Европа компанияларини ўтказиш масаласини муҳокама қилди.
Ҳозирги геосиёсий вазиятни ҳисобга олган ҳолда Президент Қ.Тоқаев ва Президент Ш.Мишель глобал ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларини қўллаб-қувватлаш учун Европа ва Марказий Осиё ўртасида мавжуд халқаро транспорт йўлакларини кенгайтириш ва янгиларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши салоҳияти, уни янада ривожлантириш имкониятлари ва минтақадаги бошқа транспорт йўналишларининг роли ҳам муҳокама қилинди.
Президентлар иқлим ўзгариши Қозоғистон ва ЕИ ўз иқтисодий фаолиятларини мослаштириши керак бўлган энг долзарб муаммолардан бири эканини таъкидлади. Глобал исиш муаммоси жаҳон ҳамжамиятининг шошилинч ва самарали ҳаракатларини талаб қилади. Томонлар ўз иқтисодиётларини кам углеродли ривожланишга мослаштириш учун экспертиза, технологик ва техник ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини ҳам таъкидладилар. Шунингдек, сув ресурсларини бошқариш соҳасида минтақавий ҳамкорликни янада қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.
Икки давлат етакчилари Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳасидаги конструктив мулоқотни олқишлади. Қозоғистон бу соҳаларда ўз мажбуриятини тасдиқлади. Европа Кенгаши Президенти Қозоғистоннинг сиёсий тикланиш ва Адолатли Қозоғистон барпо этишни рағбатлантиришга қаратилган муҳим ислоҳотлар дастурини, шунингдек, январ воқеалари бўйича тўлиқ ва ошкора тергов олиб бориш мажбуриятини олқишлади.
Президент Қ.Тоқаев ва Президент Ш.Мишель минтақавий ва халқаро кун тартиби, жумладан Афғонистон бўйича фикр алмашди. Томонлар минтақа фаровонлиги, барқарорлиги ва янада барқарор ривожланишининг гарови бўлган Марказий Осиёда минтақавий мулоқотни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.