Қозоғистон Президенти Таълим-маориф вазирини қабул қилди
Давлат раҳбарига мактабгача таълим, ўрта, техник ва касб-ҳунар таълимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
Президентга жорий йил сентябрь ойдан бошлаб мактабгача таълим муассасалари ўқитувчиларининг иш ҳақи 30 фоизга оширилиши маълум қилинди. Йил охиригача 81 минг ўринли боғчалар очиш режалаштирилган. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига мансуб 98 минг нафар бола бепул иссиқ овқат билан таъминланади.
Таълим-маориф вазирининг сўзларига кўра, ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби такомиллаштириб бориляпти. Эндиликда уларнинг касбий малакаси фанни қай даражада билишига қараб, иш натижалари эса ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларидан келиб чиқиб баҳоланади.
Ғани Бейсембаевнинг айтишича, жорий йилнинг 1 сентябрдан 1-4 синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланади. Шунингдек, таълим муассасаларини сигнализация тугмалари, лицензияси бор қўриқчилар, турникетлар ва тезкор бошқарув марказларига уланган видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Давлат раҳбарига қишлоқ мактабларини ривожлантириш консепцияси тақдим этилди. Жорий йилда техник ва касб-ҳунар таълим йўналишидаги талабаларнинг 80 фоизи бепул таълим оляпти. Сентябрь ойидан уларнинг стипендиялари 50 фоизга, кейинги йилда эса 100 фоизга ошади. Корхоналар биринчи марта коллеж битирувчиларини мажбурий ишга жойлаштириш шарти билан мутахассисларни мақсадли тайёрлашда иштирок этяпти.
Учрашув якунида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев таълим вазирига таълим тизимини янада такомиллаштириш ва болалар хавфсизлигини таъминлашга доимий эътибор қаратиш бўйича топшириқ берди.