Қозоғистон Президенти Олий суд раисини қабул қилди
ASTANA. Kazinform - Президент Олий суд раиси Асламбек Мерғалиевни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда.

Давлат раҳбарига жорий йилнинг етти ойида суд-ҳуқуқ тизимининг амалга оширилган фаолияти якунлари ҳақида маълумот берилди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга фуқаролик ишлари бўйича низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан фойдаланиш 24 фоизга, яъни 61 мингдан 76 мингга ошгани маълум қилинди. Буларга медиация, келишув битими ва яраштириш тартиб-қоидалари киради.
Асламбек Мерғалиевнинг сўзларига кўра, фуқароларнинг давлат органлари билан низолар бўйича ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида маъмурий органлар ва мансабдор шахсларнинг 2,6 минг ҳужжати (57 фоизи) ноқонуний деб топилган.
Президентга жиноят процессида конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, тергов судлари томонидан қамоққа олишга санкция беришдан бош тортганлар улуши 23 фоиздан 37 фоизга ошди. Оқланган фуқаролар сони (якка тартибдаги жиноий жавобгарликка тортиш ҳоллари бундан мустасно) 59 тадан 88 тага кўпайди.
Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, жорий йил 1 июлдан мустақил кассация суди ўз фаолиятини бошлади. Биринчи ойнинг ўзида муассасага 5 мингга яқин мурожаат келиб тушган.
Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев аҳолининг суд-ҳуқуқ тизимига ишончини мустаҳкамлаш ва одил судлов сифатини ошириш борасидаги ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.