Қозоғистон Президенти Кореянинг K-Silk Road концепциясини қўллаб-қувватлади
ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Корея Республикасининг K-Silk Road концепциясини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнотида маълум қилди.

“Бугун биз Президент Юн Сок Ёль билан муҳим ва мазмунли музокаралар ўтказдик. Халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашдик. Глобал жараёнлар ҳақида фикр алмашдик. Астана ва Сеулнинг долзарб масалаларда позицияси ўхшаш. Ҳар икки давлат ҳам кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Биз Марказий Осиё бешлиги ва Корея ўртасидаги мулоқотни янада ривожлантиришга келишиб олдик. Қозоғистон Корея Республикасининг K-Silk Road концепциясини қўллаб-қувватлайди. Бугунги музокараларда бу борада кенг кўламли баҳс-мунозаралар бўлди. Мен Корея томонининг ушбу форматдаги биринчи саммитни келгуси йили Сеулда ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлайман”, — деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, ушбу ташаббус икки ва кўп томонлама ҳамкорликка янги суръат бағишлайди.
“Биз дунёдаги турли можаролардан хавотир билдирдик. Биз ҳар қандай можарони дипломатик йўл билан мулоқот орқали ҳал қилиш зарурлигини таъкидладик. Унинг мустаҳкам асоси БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ нормалари бўлиши керак. Шу билан бирга, биз глобал хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш йўлларини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашдик. Қозоғистон ва Корея ўртасидаги ҳар томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш икки давлат манфаатларига мос келади. Президент Юн Сок Ёлнинг бугунги ташрифи алоҳида маънога эга. Ўйлаймизки, ушбу ташриф ўзаро муносабатлар ривожига янги суръат бағишлайди”, — деди Президент.