Қозоғистон Президенти Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директорини қабул қилди
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Кристалина Георгиевага ўз миннатдорчилигини билдириб, Халқаро валюта жамғармаси билан 30 йилдан буён муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келаётганидан мамнун эканини айтди.
«Жамғарма билан ҳамкорлигимиз муваффақиятли бўлди ва келажакда ҳам давом этади. Жамғармадан доимий маслаҳат олиш имконияти учун миннатдорчилик билдираман. Кўриниб турибдики, Қозоғистон иқтисодиёти ривожига қўшган ҳиссангиз катта», - деди Давлат раҳбари.
Учрашувда Президентга Халқаро валюта жамғармасининг Қозоғистон бўйича режалари ҳақида маълумот берилди.
Давлат раҳбари жамғарманинг Алмати шаҳрида салоҳиятли ривожланиш бўйича минтақавий марказ очиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бу Қозоғистон ва Марказий Осиёда молиявий тизим барқарорлигига катта ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Кристалина Георгиева Астана халқаро форумига таклиф этилгани учун миннатдорчилик билдирди.
«Жаҳон иқтисодиётида ноаниқлик ҳукм сураётган бир пайтда Астана халқаро форумида иштирок этаётганимдан хурсандман. Дунёдаги йўналишимизни белгилаш учун бундай мулоқот майдончаларининг мавжудлиги жуда муҳим. Аввало, мамлакатингизда амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришларни алоҳида таъкидламоқчиман», — деди Халқаро валюта жамғармаси раҳбари.