Қозоғистон Президенти ExxonMobil корпорацияси раҳбарини қабул қилди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари ExxonMobil корпорацияси раҳбари ва бош директори Даррен Вудсни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда энергетика ва нефть-газ соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Қасим-Жомарт Тоқаев ExxonMobil корпорациясининг мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади. Шунингдек, у компанияни Қозоғистон энергетика соҳасидаги асосий ва ишончли ҳамкорлардан бири деб атади.
Давлат раҳбари нефть-газ соҳасида қўшма тадбирлар доирасида углеводород қазиб олишни кўпайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Қозоғистон томони корпорация билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Учрашув якунида Даррен Вудс Тенгиз, Қашаған ва Каспий қувури консорсиуми лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилгани учун миннатдорлик билдирди.