Қозоғистон Президенти ЕХҲТнинг амалдаги раиси Элина Валтоненни қабул қилди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Президенти минтақавий ва глобал хавфсизлик соҳасидаги ўта оғир вазият шароитида ЕХҲТга раҳбарлик қилган Элина Валтонен фаолиятини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

“Бу йил биз Хельсинки Якуний актининг 50 йиллигини нишонлаймиз. Орадан ярим аср ўтиб ҳам ушбу ҳужжат суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш каби асосий тамойилларни ўзида мужассам этган Европа хавфсизлигининг асоси бўлиб қолмоқда. Қозоғистон ушбу фундаментал қадриятларга қатъий амал қилади”, – дея қўшимча қилди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент Қозоғистон-Финландия муносабатлари ҳолатини ҳам юқори баҳолади. У Финляндия Астананинг Скандинавия минтақасидаги азалий ҳамкори эканлигини таъкидлаб, алоқаларни янада кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилди. Элина Валтонен ЕХҲТ Қозоғистон ва Марказий Осиё билан алоқаларни ривожлантиришга катта аҳамият беришини таъкидлади.

“Қозоғистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларингизни қайд этаман, бунинг натижасида мамлакат ўзини минтақада ва дунёда нуфузли ўрта куч сифатида кўрсатди. Қозоғистоннинг нуфузи, жумладан, ЕХҲТ каби ташкилотларда фаол иштирок этиш орқали мустаҳкамланмоқда. Сизнинг қийин даврда, айниқса, иқтисодий ва экологик соҳадаги фаол ролингизни чин дилдан қадрлаймиз. ЕХҲТнинг Астанадаги Дастурлар бюроси билан ҳамкорлик жуда самарали”, – деди ЕХҲТнинг амалдаги раиси.
Учрашув якунида Давлат раҳбари Финляндия Президенти Александр Стуббга самимий тилакларни йўллаб, икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида яқин ҳамкорликка тайёр эканини тасдиқлади.