Қозоғистон Президенти Berlin Global Dialogue форумида нутқ сўзлади

ҚР Президенти “Лидерлар мулоқоти” сессиясида Қозоғистоннинг жаҳон иқтисодий жараёнларидаги ўрни ҳақида ўз фикрларини билдирди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Германия
Фото: Ақорда
президент,

 

Давлат раҳбари мазкур форум ўз вақтида ташкил этилаётганини таъкидлади.

“Ўнлаб йиллар давом этган глобаллашув ва интеграциядан сўнг дунё ҳозир бурилиш палласида. Можаролар, геосиёсий кескинликлар, бозорлардаги тартибсизликлар ва савдо соҳасидаги келишмовчиликлар глобал сиёсий ва иқтисодий барқарорликка путур етказмоқда”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент таъкидлаганидек, долзарб глобал иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга ҳисса қўшадиган янги умуминсоний қадриятлар зарур. Акс ҳолда, инсоният жаҳон савдосининг мисли кўрилмаган парчаланишига дуч келади. Бу жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 7 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин.

Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқининг асосий қисмини мамлакатнинг халқаро иқтисодий муносабатларни барқарорлаштиришдаги ролига бағишлади.

“Нефть захиралари бўйича Евроосиёда иккинчи ўринда турадиган Қозоғистон жаҳон бозорига энергия ресурсларини етказиб берувчи йирик давлат ҳисобланади. Нефть экспортининг 70 фоизи Европа Иттифоқига тўғри келишини инобатга олиб, экспорт салоҳиятимизни кенгайтириб, глобал энергетика инқирозини юмшатишга ҳисса қўшишга тайёрмиз”, – деди Давлат раҳбари.

Қозоғистон Президенти форум иштирокчиларига миллий иқтисодиётни ривожлантириш истиқболлари ҳақида маълумот берди.

 

президент

 

“Қозоғистон экспорти ўтган йили қарийб 40 фоизга ошди. Ялпи ички маҳсулотимизнинг салмоқли қисми ҳамон энергетика тармоғига тегишли бўлса-да, биз иқтисодиётни диверсификация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз. Автомобиль йиғиш, фармацевтика, металлга ишлов бериш ва машинасозлик соҳаларида ўсишни таъминлаган Қозоғистон бизнес юритиш учун алоҳида қулай шарт-шароитларни яратиш орқали хориждан йирик сармояларни жалб этишда давом этмоқда”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент форум иштирокчилари эътиборини Қозоғистон билан иқтисодий шериклик ўрнатишга йўл очадиган истиқболларга қаратди. Хусусан, Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ёки “Ўрта йўлак” минтақада савдо ва сармоя киритиш учун янги имкониятлар очади. Бу йўналиш мавжуд денгиз йўллари орқали олиб ўтиладиган юкларнинг транзит вақтини икки баробарга қисқартиради.

Давлат раҳбари Қозоғистон минтақада биринчи бўлиб Париж келишувини ратификация қилганини ва 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш стратегиясини қабул қилганини айтди.

Бу борада ҳам йирик халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Svevind немис-швед қўшма компанияси Қозоғистонда йилига 2 миллион тонна “яшил” водород ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳасига 50 миллиард доллар сармоя киритмоқда. Қолаверса, хомашё ва рудаларни маҳаллий шароитда қайта ишлашга, кейин эса Европа Иттифоқига аъзо давлатларга экспорт қилишга тайёр корхоналар учун сармоявий имкониятлар очилади. Арзон энергия, давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва рақобатбардош меҳнат харажатлари бу таклиф самарадорлигини оширади”, – деди Президент.

Умуман олганда, Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ҳақиқатда глобал ва ишончли савдо-иқтисодий шерикга айланганига ишонч билдирди.

Давлат раҳбари ўз нутқи сўнггида барча учун фаровон ва инклюзив келажак яратиш йўлида саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш муҳимлигини таъкидлади.

“Ўтган йили менинг ташаббусим билан биринчи Астана халқаро форумини ўтказдик. Ушбу ноёб ва инклюзив платформа геосиёсий жиҳатдан бўлинувчи муҳитда глобал ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантириш учун яратилган. Berlin Global Dialogue ва Астана халқаро форуми Европа ва Евроосиёда халқаро мулоқот учун муҳим платформа ҳисобланади. Умид қиламанки, улар глобал муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз саъй-ҳаракатларини жонлантира олади”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Биринчи Berlin Global Dialogue форумида Германия Федерал канцлери Олаф Шольц, Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель, Бельгия Бош вазири Александр де Кроо, Албания Бош вазири Эди Рама ва бошқа юқори мартабали сиёсатчилар, халқаро компаниялар ва молия институтлари раҳбарлари иштирок этди.

 

Сўнгги хабарлар