Қозоғистон ОТМлари хорижда қозоқ тилини ўргатиш марказларини очмоқда
Бугунги кунда Туркия, Эрон, Польша, Жанубий Корея, Беларусь, Хитой ва Ўзбекистонда қозоқ тилини ўқитиш марказлари фаолият юритмоқда.
Масалан, Беларусь Миллий техника университетида Л.Н.Гумилёв номидаги Евроосиё Миллий университети томонидан очилган Aбай номидаги қозоқ тили, тарихи ва маданияти маркази мавжуд. Қозоғистонликлар хорижлик талабаларга қозоқ тилини ўргатиб, миллий анъаналар ҳақида гапириб беришади. Турли танловлар, фестиваллар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ўтказилади. Бундан ташқари, ЕМУ М. Танк номидаги Беларусь Давлат педагогика университетида Беларусь-Қозоғистон маданий-маърифий марказини очди.
ЕМУ ташаббуси билан Эроннинг Aлламе Табатабаи университетида Эрон-Қозоғистон маданий-маърифий маркази ташкил этилди. Марказ қўшма дастурларни илгари суриш, қўшма илмий мақолалар ва тадқиқотлар нашр этиш, ОТМлар ўртасида халқаро тадбирларни ўтказишни мувофиқлаштиради. ЕМУнинг ана шундай маданий-маърифий марказлари Жануби-ғарбий Хитой университети, Туркиянинг Nigde Оmer Halisdemir университети, Ўзбекистондаги Фарғона давлат университетида фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, Брюсселда (Бельгия) байналминаллаштириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ЕМУ расмий ваколатхонаси очилди. Европа Иттифоқида Л.Н.Гумилёв номидаги ЕМУ кампусини очиш режалаштирилган.
М. Aуезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети эса Хитой университетлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Қозоғистон Республикасининг Хитойдаги Элчихонаси кўмагида М. Aуезов университети Далянь чет тиллар университети негизида Қозоғистонни ўрганиш маркази очди. У ерда М. Aуезов университети ўқитувчилари ишлайди. Улар абитуриентларга қозоқ тилини ўргатадилар, қозоқ урф-одатлари билан таништирадилар. Марказ Қозоғистон ва Хитой талабалари ва ўқитувчилари ўртасида таълим ва илмий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган тадбирларни ҳам амалга оширади.
Польшанинг Ян Aмос Коменский университети ва Жанубий Кореядаги Kuungdong Universityда қозоқ тили ва маданияти марказлари фаолият юритмоқда. Улар Семей шаҳридаги Шакарим университетининг ушбу хорижий университетлар билан ҳамкорлиги доирасида очилди. Қ.Жубанов номидаги Aқтўбе вилоят университети Польшанинг Бидгошч шаҳрида хорижий ҳамкор университетлар ва Туркиянинг Кастамону университети негизида «Қазақ ели» маданият марказлари очилди.