Қозоғистон мактабларида овқатланишнинг янги модели жорий этилди

Мактаб ошхонаси
Фото: "Хабар 24"

Мамлакатда ишлаб чиқилган янги модель мактабда овқатланиш маданиятини шакллантириш бўйича даврий тадбирлар мажмуасини ўз ичига олади. Пилот лойиҳа Астана шаҳридаги олтита мактабда амалга оширилмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

Ушбу модель Таълим-маориф вазирлиги ташаббуси билан Соғлом овқатланиш миллий маркази ҳамкорлигида яратилган.

Биринчи босқичда мактабда овқатланишни ташкил этишни баҳолаш ва таҳлил қилиш учун мактаб ошхонасида болаларнинг хатти-ҳаракатларини кузатиш ва ўрганиш, антропометрик кўрсаткичларни (бўй, вазн) ўлчаш ва тўғри овқатланиш тамойилларини ўрганиш учун сўров ўтказилади.

Иккинчи босқич ўқув ташкилотчилари, мактаб ходимлари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари соғлом турмуш тарзи бўйича билим ва тажрибаларини бойитиш мақсадида ташкил этилади.

Учинчи босқич болаларнинг тўғри овқатланишига эътибор қаратган ва уларнинг физиологик эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўқувчиларнинг овқатланишини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштиришни назарда тутади.

Тўртинчи босқичда болалар саломатлигини сақлашга қаратилган мактаб овқатланишининг янги моделини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бу жараён саломатликни мустаҳкамловчи таълим муҳитини яратишга мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлайди.

Охирги босқич - амалга оширилган ўзгаришларни кузатиш ва баҳолаш.

Эслатиб ўтамиз, аввал Таълим-маориф вазирлиги умумий овқатланишнинг хавфсиз шароитларига таъсир этувчи мезонларни ўрганган эди. Шунга кўра, таомнома миллий анъана ва ҳудудда ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулотлар ассортименти асосида ишлаб чиқилди.

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб биринчи марта 1,6 миллион нафардан ортиқ ўқувчи, жумладан, 1,4 миллион нафардан ортиқ бошланғич синф ўқувчилари ва 220 минг нафар АИЗГ(аҳолининг ижтимоий заиф гуруҳи) тоифасидаги 5-11-синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланди.

Сўнгги хабарлар
telegram