Қозоғистон киноси Хитой фестивалида намойиш этилди
ASTANA. Kazinform – 2025 йилнинг 3-7 июль кунлари Хитойнинг Чунцин шаҳрининг Юнчуань туманида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар халқаро кинофестивали бошланди. Бу ҳақда ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур маданий тадбир ШҲТ мамлакатлари ўртасида гуманитар алоқаларни ривожлантириш, кино соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Тадбирда Қозоғистон делегациясининг Маданият ва ахборот вазирлиги, Миллий кинематографияни қўллаб-қувватлаш давлат маркази, Ш. Айманов номидаги «Қазақфильм» киностудияси, шунингдек, мамлакатнинг таниқли продюсерлари ва режиссёрлари иштирок этмоқда.
Бу йилги фестивалнинг асосий танлов дастури – “Олтин камелия”га 10 та давлатдан 20 та фильм киритилган. Ҳар бир мамлакат иккитадан асарини тақдим этади.
Қозоғистоннинг «Набат операциясы» ва «Ағайындылар» фильмлари хитойлик томошабинларга намойиш этилади.
«Набат операциясы» (режиссёр Рашид Сулейменов) – Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган йирик махсус операция ҳақидаги ҳақиқий воқеага асосланган драма. Фильм «Қазақфильм» киностудиясида ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда Қозоғистон Миллий киномаркази кўмагида суратга олинган.
«Ағайындылар» (режиссёр Дархан Тулегенов) - 15 дан ортиқ халқаро мукофотларга сазовор бўлган фильмдир. Фильм Германиядаги Oldenburg халқаро кинофестивалида Spirit of Cinema мукофотига сазовор бўлди. Фильм Golden Man Media студияси томонидан ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда Миллий кинони қўллаб-қувватлаш давлат маркази кўмагида суратга олинган.
Фестивалнинг ҳакамлар ҳайъати таркибига ШҲТ давлатларидан 9 нафар таниқли кинематографлар киради. Улар орасида қозоғистонлик продюсер Тасболат Мерекенов ҳам бор. Ҳакамлар ҳайъати раиси - Хитойлик машҳур продюсер ва сценарист Жэнь Чжунлунь.
Ғолиблар 10 номинация бўйича аниқланади. Хусусан, “Энг яхши фильм”, “Энг яхши режиссёр”, “Энг яхши сценарий” ва актёрлик ўйини йўналишлари бўйича номинациялар мавжуд.
Кинофестиваль доирасида 11 та асосий тадбир, жумладан, танлов фильмлари намойиши, ҳамкорлик форумлари, кинотехнологиялар кўргазмаси ва Гала-концерт режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия ва Қозоғистон ҳамкорликда ишлаб чиқарилган фильм Шанхай кинофестивалида мукофотга сазовор бўлган эди.