Қозоғистон келгуси йили минтақавий экологик саммитга мезбонлик қилади

ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Астана халқаро форумида Қозоғистонда атом энергетикасининг ўрни ҳақида гапирди.

Қозоғистон келгуси йили минтақавий экологик саммитга мезбонлик қилади
Фото: Адилет Беремқулов/Kazinform

— Қозоғистон дунёдаги уран захираларининг 40 фоизига эгалик қилади. Шу боис мамлакатимиз атом энергетикасини ривожлантиришга ўз миллий стратегиясининг устувор йўналиши сифатида қарайди. Бироқ, иқлим инқирозини ҳал қилмасдан туриб, барқарор ривожланиш бўлиши мумкин эмас. Марказий Осиё иқлим ўзгаришига сайёрамизнинг энг заиф минтақаларидан бири ҳисобланади. Бу ерда глобал исиш даражаси ўртача жаҳон кўрсаткичидан икки баравар юқори. Биз ушбу муаммоларни енгиш учун минтақавий мувофиқлаштирилган, прагматик иқлим кун тартибини илгари суриш тарафдоримиз. Бунинг доирасида мамлакатимиз қатор халқаро ташкилотларга аъзо бўлди, келишувларга қўшилди, – деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон келгуси йили БМТ билан биргаликда атроф-муҳит бўйича минтақавий саммитга мезбонлик қилишини маълум қилди.

— Ушбу платформа Марказий Осиё мамлакатлари стратегияларини глобал мақсадларга мослаштиришга қаратилган. Қозоғистон Марказий Осиё ўзаро ҳурмат ва минтақавий интеграцияга асосланган барқарор, ҳамжиҳат ва ёруғ келажакка эга бўлишини истайди. Икки ой аввал БМТ Бош Ассамблеяси Алмати шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказини ташкил этиш тўғрисидаги резолюцияни расман қабул қилган эди. Бу кўп томонлама тараққиётимизга хизмат қилувчи муҳим ютуқдир. Марказ қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди, техник экспертиза беради, халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштиради, — деди Давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Астанада Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев иштирокида Астана халқаро форуми бўлиб ўтмоқда.

Сўнгги хабарлар