Қозоғистон қайси давлатларга пиёз экспорт қилади
Жорий йилнинг 8 ойида Қозоғистон 67 минг тонна пиёз экспорт қилди. Бу ҳақда ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

– Республика бўйлаб сабзавот маҳсулотларини йиғиштириб олиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳокимликларнинг маълумотларига кўра, 3,3 миллион тонна картошка ва 3,9 миллион тонна сабзавот йиғилган. Шундан карам – 511,6 минг тонна, пиёз – 1096,3 минг тонна, сабзи – 496,2 минг тонна. Статистик маълумотларга кўра, 2023 йил январь-август ойларида 67,8 минг тонна пиёз экспорт қилинган. Асосий экспорт йўналишлари Россия, Ўзбекистон, Покистон, Туркманистондир”, - дейилади вазирлик хабарида.
Шунингдек,вазирликнинг таъкидлашича, сабзавот маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш доирасида ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари билан форвард шартномалари тузиш орқали мавсумдан ташқари вақт учун захираларни шакллантириш ишлари олиб борилмоқда.
- Шартнома ҳажмлари чакана савдо тармоқлари, ижтимоий павильонлар ва ижтимоий тадбиркорлик корпорацияларининг шахсий савдо шохобчалари орқали мавсумдан ташқари белгиланган арзон нархларда сотилади. Шундай қилиб, айни пайтда 2024 йилги мавсумдан ташқари (2024 йил январь-апрель) сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 173,7 минг тонналик форвард шартномалари тузилди. Шундан картошка – 95,1 минг тонна, сабзи – 28,1 минг тонна, карам – 22,2 минг тонна, пиёз – 28,3 минг тонна”, - дея маълум қилди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Муаллиф: Серик Сабеков