Қозоғистон Ҳукумати энергетика ва ахборот-коммуникация лойиҳаларининг амалга оширилишини муҳокама қилди

ASTANA. Kazinform – ҚР Бош вазири Олжас Бектенов Президентнинг топшириқларини, жумладан Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида берилган вазифаларни бажариш доирасида асосий энергетика ва ахборот-коммуникация лойиҳаларининг ижроси бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда ҚР Ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Үкіметте негізгі энергетикалық және ақпараттық-коммуникациялық жобалардың жүзеге асырылу барысы қаралды
Фото: ҚР Ҳукумати

Йиғилишда ҚР Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов, ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев, шунингдек, “Самруқ-Қазна” МФЖ” АЖ бошқарув раиси Нурлан Жақипов, “KEGOC” АЖ бошқарув раиси Наби Айтжанов, “Самруқ-Энерго” АЖ бошқарув раиси Қайрат Мақсутов ҳисобот берди.

“Президент Қасим-Жомарт Токаев Қозоғистонни электр энергияси билан тўлиқ таъминлаш ва захиралар яратиш вазифасини қўйди. Асосий энергетика лойиҳаларини амалга ошириш – иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга қаратилган стратегик вазифа. Энергетика тизимининг барқарор ва башоратли ишлаши саноат ўсиши ва минтақалар ривожланишига асос бўлади, рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни жорий этиш каби янги лойиҳаларни амалга оширишга шароит яратади. Янги қувватларни белгиланган муддатларда ишга тушириш муҳим”, – деди Олжас Бектенов.

Энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳозирда Қозоғистонда 230 та электр станцияси фаолият кўрсатмоқда, шуларнинг 156 таси – умумий қуввати 3 ГВтдан ошадиган қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) объектларидир. 2024 йил якунига кўра, электр энергияси истеъмоли 119,9 млрд кВт/соат, ишлаб чиқариш ҳажми эса 117,9 млрд кВт/соатни ташкил этди.

Үкіметте негізгі энергетикалық және ақпараттық-коммуникациялық жобалардың жүзеге асырылу барысы қаралды
Фото: ҚР Ҳукумати

Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов маълум қилишича, етишмовчиликни бартараф этиш ва қувватларни янгилаш мақсадида 2035 йилгача қўшимча 26 ГВтдан ортиқ энергия ишлаб чиқаришни назарда тутувчи комплекс дастур амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 10 ГВт қувват ишга тушириш лойиҳалари турли босқичларда муҳокама қилинмоқда. Мавжуд станцияларни модернизация қилиш орқали яна тахминан 5 ГВт қувват таъминланиши режалаштирилган. 2025 йили 621,5 МВт қувват ишга туширилади, шундан 166 МВт – анъанавий, 455,5 МВт – ҚТЭМ ҳиссасига тўғри келади.

Зарарли чиқиндилар нол даражага яқин бўлган тоза кўмир технологиялари билан боғлиқ истиқболли лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Экибастузда қуввати тахминан 2,6 ГВт бўлган ГРЭС-3 ва Курчатов шаҳрида қуввати 600-700 МВт бўлган ИЭМ қурилиши лойиҳалари бошланган. Бу ташаббуслар эскирган кўмир станцияларини босқичма-босқич алмаштиришга қаратилган бўлиб, Давлат раҳбарининг 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш бўйича йўналишига мос келади.

“Самруқ-Қазна” жамғармаси бошқарув раиси Нурлан Жақипов Туркистон вилоятида қуввати 1 ГВт бўлган буғ-газ қурилмасини қуриш лойиҳасининг бориши ҳақида маълумот берди. Объектни TURAN махсус иқтисодий ҳудуди таркибига киритиш режалаштирилган. Буғ-газ қурилмаси 2027 йилда лойиҳавий қувватига чиқиши кутилмоқда.

“Самруқ-Энерго” лойиҳалари ҳақида бошқарув раиси Қайрат Мақсутов ахборот берди. Холдинг генерация қувватларини янгилаш бўйича бир қатор йирик ташаббусларни амалга оширмоқда. Экибастуз ГРЭС-2 станциясини кенгайтириш доирасида умумий қуввати 540 МВт бўлган учинчи энергетика блоки қурилмоқда. Уни ишга тушириш 2028 йилга мўлжалланган.

Алматидан ИЭМ-2 ва ИЭМ-3 марказларини газга ўтказиш режалаштирилган. 2026 йилда модернизация якунлангандан сўнг бу станцияларнинг умумий қуввати 1 ГВтдан ошиб кетади. Шунингдек, Кўкшетау, Семей ва Ўскемен шаҳарларида янги ИЭМлар қуришга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Кўкшетау лойиҳаси бўйича пудратчилар аниқланиб, шартнома тузиш жараёнлари бошланган.

“KEGOC” АЖ бошқарув раиси Наби Айтжанов Ғарб минтақанинг энергетика тизимини мамлакатнинг Ягона электр энергетика тизимига интеграциялаш ва Жанубий ҳудуднинг қувватини ошириш ишлари ҳақида ахборот берди. Президент топшириқлари доирасида умумий қиймати 356 миллиард тенгеден ошадиган икки йирик ташаббус амалга оширилмоқда.

Узунлиги 600 кмдан зиёд бўлган 500 кВлик “Қарабатан – Ўлке” электр узатиш линияси Атирау ва Ақтўбе вилоятларида электр таъминоти сифатини оширишга ҳамда ғарб ҳудудларида қайта тикланувчи энергия манбаларини (ҚТЭМ) улаш учун инфратузилмавий шароит яратишга қаратилган. Ишлар режа-жадвал асосида олиб борилмоқда. Бу лойиҳа 2027 йил охирида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Жанубий ҳудудда электр тармоқларини мустаҳкамлаш доирасида узунлиги 475 км бўлган 500 кВлик “Шу – Жамбил – Чимкент” электр узатиш линияси ва асосий подстанцияларни модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Барча ишлар 2027 йилнинг ўртасида якунланиши режалаштирилган. Лойиҳа Жанубий Қозоғистоннинг энергетика тизими барқарорлигини ошириш ва ташқи хавф-хатарларга чидамлилигини кучайтиришга хизмат қилади.

Умуман олганда, миллий электр тармоғининг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида KEGOC умумий қиймати 2,3 триллион тенгега тенг 8 та йирик инвестициявий лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда.

Йиғилишда ахборот-коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди. Бош вазир Олжас Бектенов рақамли трансформация жараёнида бундай ташаббусларнинг ўрни катта эканини таъкидлади.

ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги маълумотига кўра, Қозоғистонда ҳозирда 6 179 та қишлоқ мавжуд бўлиб, уларнинг 42%и юқори тезликдаги маълумот узатиш технологияси билан таъминланган.

Қишлоқ жойларни оптик толали алоқа тармоғига улаш лойиҳаси доирасида 2027 йил охиригача интернет 3 781 та қишлоққа етказилади. Натижада тармоқнинг умумий узунлиги 160 минг кмдан ошади ва қамров даражаси 90%га етади. Шунингдек, Қозоғистоннинг Европа ва Осиё ўртасидаги рақамли транзит хаби сифатидаги ролини кучайтириш мақсадида 2026 йил охирига қадар мамлакатнинг халқаро маълумот узатиш улушини ошириш кўзда тутилган.

Бу мақсадда Транс-Каспий магистрали ва “Ғарб – Шарқ” гипермагистрали қурилмоқда. Ушбу йўналишдаги умумий сармоя ҳажми 30,7 миллиард тенгени ташкил қилади.

2027 йил охиригача республика ва вилоят аҳамиятидаги автомобиль йўлларини ўз ичига олган ҳолда, мамлакат бўйлаб асосий транспорт йўлларини мобиль алоқа билан қамраб олиш даражасини 99%га етказиш режалаштирилган. Шунингдек, сунъий йўлдош алоқаси ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда: 2025 йил охиригача 328 та олис аҳоли пункти интернетга уланади.

Ҳозирги кунда Қозоғистон OneWeb, Starlink, Shanghai Spacecom Satellite Technology ва Amazon Kuiper компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатган. Ушбу соҳадаги умумий инвестициялар ҳажми 38,6 миллиард тенгеден ошади.

Маълумотларни қайта ишлаш соҳасида 2030 йилгача Қозоғистонда умумий сиғими тахминан 20 минг IT-стеллаж бўлган Tier III даражасидан кам бўлмаган 10 та маълумот марказини ишга тушириш режалаштирилган.

Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиевнинг маълум қилишича, 2025-2030 йиллар давомида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига тахминан 1,3 триллион тенге сармоя жалб этиш режалаштирилмоқда.

Йиғилиш якунида Бош вазир бир қатор вазифаларни белгилаб берди.

Сўнгги хабарлар