Қозоғистон Хитой ва Бразилиянинг Украина бўйича тинчлик режасини қўллаб-қувватлайди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Хитой ва Бразилиянинг Украина бўйича тинчлик режасини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев БРИКС XVI саммити ялпи мажлисининг «БРИКС+»/«аутрич» форматидаги мажлисида маълум қилди.
“БРИКС ривожланиш учун улкан салоҳиятга эга ва турли қитъалардаги мамлакатларни бирлаштиради, ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва барча иштирокчилар манфаати учун қўшма имкониятлардан самарали фойдаланади. БРИКС мамлакатларида умумий фаровонлик, ўзаро ҳурмат ва шериклик тамойилларига асосланган келажак қуриш учун ресурслар ҳам, тажриба ҳам бор. Қозоғистон учун БРИКСга аъзо ҳар бир давлат билан чинакам дўстона муносабатлар ўрнатиш жуда муҳим. БРИКСнинг кўп томонлама саъй-ҳаракатлари ажралмас ва универсал тузилма бўлиб қолаётган БМТ фаолиятини уйғун равишда тўлдиришига шубҳа йўқ. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставида белгиланган дипломатия ва мулоқот тамойиллари БРИКС кун тартибининг асосига айланиб, можароларни тинч йўл билан ҳал этиш ва стратегик барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда”, – деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон Россиянинг ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали геосиёсий кескинликни камайтиришга қаратилган Евроосиёда тенг ва ажралмас хавфсизликни яратиш концепциясини юксак қадрлашини айтди.
“Қозоғистон Хитойнинг халқаро барқарорликни сақлаш, суверенитетни ҳимоя қилиш, кўп томонлама ёндашувлардан фойдаланиш ва можароларни тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган глобал хавфсизлик ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Қозоғистон Хитой ва Бразилиянинг Украина бўйича тинчлик режасини умуман қўллаб-қувватлайди”, – деди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан БРИКСга аъзо давлатлар раҳбарларининг ХVI саммитида иштирок этиш учун Қозон шаҳрига борди.
Давлат раҳбари БРИКС саммити иштирокчилари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Қозоғистон Республикаси Президенти ва БРИКС+ саммитининг бошқа иштирокчилари биргаликда суратга тушишди.