Қозоғистон-Хитой келишуви: 15 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади
ASTANA. Kazinform — Қозоғистон-Хитой ҳамкорлиги доирасида бугунги кунда 2,7 миллиард долларлик 10 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шунингдек, 4,1 миллиард долларлик 8 та лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алибек Қуантиров маълум қилди.

“Қозоғистон ва Хитой ҳам икки томонлама асосда саноат ва сармоявий яқин ҳамкорликда ривожлантиряпти. Ўтган 30 йил ичида Хитой Қозоғистоннинг энг йирик иқтисодий ҳамкорига айланди. Икки томонлама иқтисодий алоқалар қишлоқ хўжалигидан тортиб минерал хомашё, транспорт, юқори технологиялар ва энергетика каби кенг кўламли соҳаларни қамраб олади”, – деди Алибек Қуантиров “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саноат ва сармоявий ҳамкорлик форумида.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, айни пайтда Ҳукумат икки томонлама қўшма инвестиция лойиҳалари рўйхатини кенгайтириш устида ишлаяпти.
“Ҳозир унинг таркибига умумий қиймати 14,75 миллиард доллар бўлган 47 та лойиҳа киритилган. 2015 йилдан буён умумий қиймати 7,9 миллиард долларга тенг 29 та лойиҳа ишга туширилди. Бундан ташқари, бугунги кунда умумий қиймати 2,7 миллиард долларлик 10 та лойиҳа амалга ошириляпти. 4,1 миллиард долларлик 8 та лойиҳа ишлаб чиқиляпти”, - деди у.
Мазкур ҳамкорлик механизми 15 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Астанада иккинчи “Марказий Осиё – Хитой” саноат ва сармоявий ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Форумда Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, Марказий Осиё мамлакатлари делегациялари, Хитой ва минтақавий йирик компаниялар, шунингдек, тараққиёт институтлари раҳбарлари иштирок этди.
Форум доирасида умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган 50 дан ортиқ икки томонлама ва кўп томонлама ҳужжатлар имзоланди.