Қозоғистон глобал пенсия индексида “барқарорлик” рейтингини сақлаб қолди
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон CFA институти ва Mercer Consulting халқаро профессионал консалтинг компанияси томонидан чоп этилган “Глобал пенсия индекси-2025” ҳисоботида ўз кўрсаткичларини яхшилади.

Ҳисоботда дунё аҳолисининг 65 фоизини қамраб олувчи 52 та давлатнинг пенсия таъминоти тизими кўриб чиқилиб, уларни “оқилоналик”, “барқарорлик” ва “бошқарув сифати” каби уч хил мезон бўйича тартибланган.
Қозоғистон индексдаги 100 баллдан 65 балл олиб, “В” тоифасига жойлаштирилди. Ўтган йилги кўрсаткич 64 баллни ташкил қилган. Дунё бўйича ўртача индекс 64,5 баллни ташкил қилади.
Хусусан, Қозоғистон пенсия тўловларининг етарлилиги бўйича 47 балл (“оқилоналик” индекси), тизимнинг демографик босимга бардош бера олиши учун 74,2 балл (“барқарорлик” индекси) ва аҳоли ишончи, бошқарувнинг шаффофлиги ва “депозиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сифати” индекси бўйича 81,1 балл олган.
Ҳисоботда айтилишича, Қозоғистон ўз тизимини такомиллаштириш учун Пенсия жамғармасига ўзини ўзи таъминловчи фуқароларни жалб қилиши керак. Ҳисоботда, шунингдек, мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги ошиши билан пенсия ёшини ошириш зарурлиги қайд этилган. Шунингдек, пенсия ёшига етгунга қадар ҳисобварақдаги пулларни ушлаб қолиш даражасини пасайтириш, фуқароларнинг, жумладан, аёлларнинг ҳам молиявий саводхонлиги ва тизимга қизиқишини ошириш зарурлиги айтилган.
— Қозоғистоннинг индексдаги кўрсаткичлари Халқаро валюта жамғармасининг иқтисодий ўсиш бўйича янгиланган маълумотлари туфайли 2024 йилдаги 64 баллдан 2025 йилда 65 баллга кўтарилмоқда, — дейилади ҳисоботда.
Глобал индекснинг “В” рейтингига Қозоғистондан ташқари Уругвай, Буюк Британия, Швейцария, Саудия Арабистони, Португалия, Янги Зеландия, Мексика, Қувайт, Жанубий Корея, Ирландия, Гонконг, Германия, Франция, Хорватия, Канада, Бельгия каби давлатлар киритилган.