Қозоғистон ЕИ бозорига қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 175 турдаги товарлар экспортини оширишга тайёр
ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитида нутқ сўзлади, деб хабар берди Ақорда матбуот хизмати.

Президент Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга кўрсатган беқиёс меҳмондўстлиги ва саммитни юқори савияда ташкил этгани учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у Европа Кенгаши Президенти Антониу Коштага, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйенга ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларига кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги доимий садоқатлари учун самимий миннатдорчилик билдирди.
Қозоғистон Президенти эътиборни геосиёсий нотинчликлар ва глобал муаммолар авж олган бир даврда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги интеграциянинг долзарблиги ортиб бораётганига қаратди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё ва Европа Иттифоқининг келажакдаги кун тартиби ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Президент, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Европа Иттифоқи бозорига умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 175 турдаги товарлар экспортини оширишга тайёр.
Қасим-Жомарт Тоқаев Европа компанияларини бундай янги лойиҳаларни молиялаштириш учун “Астана” халқаро молия маркази платформасидан фойдаланишга таклиф қилди.

Давлат раҳбари энергетика соҳасини ҳамкорликнинг ўта муҳим йўналиши сифатида қайд этди.
– Қозоғистон Европага углеводородлар етказиб берувчи ишончли шериклардан биридир. Европа Иттифоқи томонидан хориждан импорт қилинадиган нефтнинг қарийб 13 фоизи мамлакатимиз ҳиссасига тўғри келади. Унинг катта қисми Каспий қувурлари консорциуми орқали ташилади. Европа Иттифоқи ушбу консорциумнинг барқарор ва узоқ муддатли фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Биз буни қадрлаймиз. Бироқ, биз хомашё ташишнинг муқобил усулларини ҳам ишлаб чиқмоқдамиз. Қозоғистон қайта тикланадиган энергия ва тоза ёқилғи лойиҳаларини амалга оширишга киришди. Total, Eni, Svevind ва бошқа Европа компаниялари каби узоқ йиллик ҳамкорларимиз билан биргаликда биз шамол ва қуёш электр станцияларининг қувватини ошириш ва “яшил” водород ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга туширдик. Бундан ташқари, Қозоғистон Ўзбекистон ва Озарбайжон билан биргаликда Каспий денгизи орқали Европа бозорига “яшил” энергия етказиб берадиган ягона электр тармоғини қуриш бўйича йирик лойиҳани бошлади, — деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, ноёб фойдали қазилмаларни ўзлаштириш бўйича ҳамкорлик катта стратегик аҳамиятга эга.
Бугунги кунда Қозоғистон Европа Иттифоқи иқтисодиёти учун зарур бўлган 34 турдаги хомашёдан 19 тасини ишлаб чиқаради. Уларга уран, титан, мис, литий, кобальт, вольфрам ва бошқа кўплаб элементлар киради. Бундан ташқари, мамлакатда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан тузилган шартнома асосида геология-қидирув ва фойдали қазилмаларни ўзлаштиришнинг илғор тажрибасини жорий этиш соҳасида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, Президент Астанада ноёб тупроқ металларини ўрганиш бўйича минтақавий марказ ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу илмий муассаса корхоналар ва инвесторларни потенциал конлар ва технологик ишланмалар ҳақида долзарб маълумотлар билан таъминлайди.
Давлат раҳбари Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб ўртасида самарали таъминот занжирига эга транзит хабга айланиш салоҳиятига эга, деб ҳисоблайди. Ўтган йили Транскаспий халқаро транспорт йўлаги бўйлаб контейнерда юк ташиш ҳажми 62 фоизга ошиб, 4,5 миллион тоннани ташкил этди. 2027 йилгача юк ташиш ҳажмини ўн миллион тоннага етказиш режалаштирилган.Қасим-Жомарт Тоқаев Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақасида барқарор транспорт алоқаларини ривожлантиришга ижобий ҳисса қўшаётган Global Gateway стратегиясини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Қозоғистон декарбонизация ташаббусларини фаол амалга оширмоқда. Мамлакат дунёда ишлаб чиқарилаётган ядро ёқилғисининг қарийб 40 фоизини таъминлаб, тоза энергия ишлаб чиқаришда салмоқли ўрин тутади, деди Президент. Ўтган йили Қозоғистонда иқлим ўзгариши ва яшил энергия бўйича лойиҳа идораси очилди.
Давлат раҳбари рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.
– Қозоғистон ушбу соҳаларга инвестицияларни оширди. Йил бошида Президент ҳузурида Сунъий интеллект бўйича халқаро маслаҳат кенгаши ташкил этилди. Ҳозир мамлакатимизда 100 минг юқори малакали IТ-мутахассисни тайёрлашга қаратилган кенг кўламли дастур ишга туширилди. Астанада Alem.ai юқори технологияли марказини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. У инновацияларни жорий этиш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва ушбу йўналишда тадқиқотлар олиб бориш билан шуғулланади. Бундан ташқари, биз сунъий интеллект саноатини жадал ривожлантириш учун Венчур фондини ишга туширдик. Европа Иттифоқи Team Europe ташаббуси орқали Марказий Осиё мамлакатларига рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга ёрдам бермоқда. Қозоғистон бу борада тажриба алмашишга тайёр. Шу муносабат билан Astana Hub негизида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” инновацион кампусини очишни таклиф қиламан, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари Европа Иттифоқи мамлакатнинг фан ва таълим соҳасидаги муҳим ҳамкори эканини таъкидлади.
– Мамлакатларимиз Erasmus+, Horizon Europe дастурлари ва бошқа ташаббуслар доирасида ҳамкорликда ишламоқда. Қозоғистонда ўттиздан ортиқ хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари очилди. Бу мамлакатимизда академик таълимнинг ривожланишига хизмат қилмоқда. Биз грантлар ва стипендиялар сонини оширишдан манфаатдормиз. Бундай қўшма дастурлар Европанинг қатор давлатлари билан амалга оширилмоқда. Биз сунъий интеллект, сув ресурсларини бошқариш, биотехнология каби муҳим йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлашга устувор аҳамият берадиган “Марказий Осиё учун Erasmus+” дастурини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз, — деди Президент.
Давлат раҳбари барқарор тараққиётнинг асосий кафолати бўлган халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон мувозанатли ташқи сиёсатга қатъий амал қилади ва барча манфаатдор давлатлар ва йирик халқаро тузилмалар, жумладан, Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.
Президент глобал беқарорлик кучайган бир пайтда дунёдаги мураккаб воқеаларга баҳо беришда ўта жиддийлик ва масъулият талаб қилди. Шунингдек, у барча мамлакатларни БМТ Низоми ва умумбашарий халқаро ҳуқуқ тамойилларига тўлиқ риоя қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга, шунингдек, Бош котиб Антониу Гутерриш фаолиятини қўллаб-қувватлашга чақирди. Ташкилот ўзининг 80 йиллигини нишонлаётгани муносабати билан бу янада долзарб бўлиб қолади.

Қасим-Жомарт Тоқаев Украина бўйича музокаралар жараёнини қўллаб-қувватлашини билдирди.
– Қозоғистон ҳар қандай можаро тинч йўл билан ҳал қилиниши тарафдоридир. Шунинг учун биз Украина бўйича музокаралар бошланишини олқишлаймиз. Муаммо мураккаб эканлигини тушунамиз. Бироқ, таранглик ижобий ечим топади, деб умид қиламиз, — деди Президент.
Давлат раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Алмати шаҳрида Марказий Осиё ва Афғонистоннинг барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказни ташкил этиш тўғрисидаги резолюция бир овоздан қабул қилинганини таъкидлаб, Қозоғистон ташаббусини қўллаб-қувватлаганликлари учун йиғилиш иштирокчиларига миннатдорчилик билдирди. Унинг фикрича, Марказ Ташкилотнинг 2030 йилги кун тартибини илгари суриш ва минтақадаги долзарб ижтимоий, иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этишга катта ҳисса қўшади.
Саммитда, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо нутқ сўзлади.

Эслатиб ўтамиз, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бошлангани ҳақида хабар берган эдик.




