Қозоғистон ЕТТБга 100% таяниши мумкин - Алан Пию

None
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти Алан Пию билан учрашди, дея хабар бермоқда Kazinform Ҳукумат расмий сайтига таяниб.

Томонлар ЕТТБнинг Қозоғистондаги янги иқтисодий ислоҳотлардаги иштироки, 2023 йилга мўлжалланган сармоя ва ҳамкорлик режалари, шунингдек, истиқболдаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилдилар.

Алихан Смаилов 30 йил ичида ЕТТБ билан ҳамкорликда иқтисодиётнинг турли тармоқларида умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган 300 га яқин лойиҳа амалга оширилганини таъкидлади.

«Ҳозирги кунда Ҳукумат Давлат раҳбари белгилаган иқтисодиётни сифатли модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бунинг натижасида фуқароларимиз фаровонлиги сезиларли даражада ошиши таъминланиши керак, шунинг учун биз ЕТТБнинг бу йўналишдаги иштироки ва қўллаб-қувватлашини қўллаб-қувватлаймиз»

, — деди Бош вазир.

Ўз навбатида Алан Пию жорий лойиҳаларни давом эттириш ва Қозоғистонда янги лойиҳаларни ишга тушириш ЕТТБ фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.



«Қозоғистон ЕТТБга 100% ишонч билан таяниши мумкин. Шунингдек, биз 2060 йилгача мамлакатга иқтисодиётни декарбонизация қилишга ёрдам беришдан манфаатдормиз. Биз Алмати 2-ИЭСни кўмирдан газга ўтказишни бу йўналишдаги энг муҳим лойиҳа деб биламиз. Бу катта ва муҳим лойиҳа, биз бунга катта маблағ сарфлашни режалаштирганмиз»

, — деди Алан Пию.

Шунингдек, у банк Қозоғистонда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.



«Қозоғистон ҳукумати кўп ишларни амалга оширмоқда, шунинг учун биз бундан ҳам каттароқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга тайёрмиз», — деди Алан Пию.

Учрашувни якунлар экан, Алихан Смаилов Ҳукумат банк билан барча йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади.


Фото: primeminister.kz


Сўнгги хабарлар