Қозоғистон делегацияси афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини топширди
Маълумотларга кўра, кеча Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Савдо вазири Серик Жуманғарин бошчилигидаги делегация Афғонистон пойтахти Кобулга ташриф буюрди. У ерда Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҚР Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг топшириғи билан амалга оширилди.
«Бундан ташқари, Кобулда Қозоғистон ва Афғонистон ишбилармонларининг учрашуви бўлиб ўтди. Махсус савдо бизнес-форуми ташкил этилди. Ишбилармонларнинг кайфиятига қараганда, бу жуда муваффақиятли бўлганга ўхшайди. Тадбиркорларнинг келажак учун катта режалари бор, тез орада Афғонистонда Қозоғистон Савдо уйи очилади.
БМТ Аҳоли жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистон аҳолиси тахминан 40 миллион кишини ташкил қилади. Албатта, бу бизнинг ишлаб чиқарувчилар учун жуда жозибали ва қизиқарли бозор. Фақатгина 2022 йилда афғонлар билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми рекорд даражадаги 987,9 миллион долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 2,1 баробар кўпдир.
Товар айирбошлаш ҳажмининг ошиши, биринчи навбатда, маҳаллий маҳсулотлар экспортининг кўпайиши билан боғлиқ. Бу йил эса Қозоғистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти 1 миллиард доллардан ошади, деб ишонч билан айтишимиз мумкин», – деб хабар беради А.Смадияров.
Қозоғистон ишбилармонлари Афғонистонга асосан буғдой ёки буғдой-жавдар уни, буғдой, қуритилган сабзавотлар, легирланмаган пўлатдан ясалган ясси прокат, темир йўл локомотивлари, зиғир уруғи ва кунгабоқар ёғи экспорт қилмоқда.
«Халқаро ҳамжамият Афғонистондаги иқтисодий ва гуманитар инқирозга йўл қўймаслик кераклиги ҳақида умумий тушунчага эга экан, биз бу давлат билан савдо-иқтисодий муносабатларни тиклашимиз ва ривожлантиришимиз керак. Иқтисодий ҳамкорлик соҳасида Қозоғистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш векторларидан бири сифатида, айниқса, Марказий ва Жанубий Осиёдаги интеграция жараёнлари соҳасида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак», – ҚР ТИВ вакили.
Айбек Смадияровнинг сўзларига кўра, афғонлар дастурхонидаги қозоқ маҳсулотлари сифат ва ажойиб таъм белгиси ҳисобланади. «Айниқса, шоколад, конфет ва ширинликлар қадрланади. Қозоқ унидан тайёрланган нон ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ, у деярли ҳар бир хонадонда бор», – дейди у.