Қозоғистон БРИКС саммити доирасида экологик ва гуманитар устуворликларини белгилаб олди
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу БРИКСга аъзо ва ҳамкор давлатлар раҳбарларининг 17-саммитидаги иштирокини давом эттирди ва “Атроф-муҳит, CОР30, глобал саломатлик” сессиясида нутқ сўзлади.

Сессия давомида иштирокчилар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси Томонлар конференциясига (CОР30) тайёргарлик кўриш, шунингдек, глобал соғлиқни сақлаш тизимларини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Қозоғистон ТИВ раҳбари ўз нутқида экотизимларни сақлаш, ўрмонларни муҳофаза қилиш, Орол денгизини тиклаш, музликларнинг эришини тўхтатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳимлигига эътибор қаратди.
Иқлим хатарларининг олдини олишга устувор аҳамият бериш зарурлигини қайд этган Мурат Нуртилеу эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш, фавқулодда вазиятларга тайёргарликни ошириш ва кўп томонлама мувофиқлаштиришни кучайтиришга чақирди. Шу муносабат билан у Қозоғистоннинг иқлим мониторинги ва фавқулодда вазиятларни прогноз қилиш учун миллий сунъий йўлдош технологияларидан фойдаланиш ташаббусини тақдим этди.
Вазирнинг маърузасида соғлиқни сақлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қозоғистон томони мамлакатларни бирламчи тиббий ёрдамни ривожлантириш бўйича глобал коалицияга қўшилишга чақирди. Унинг ташкил топиши соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим халқаро ҳужжат бўлган 1978 йилдаги Алмати декларациясидан бошланади.
— Мамлакатларимиз табиий ресурсларга, билим ва салоҳиятга бой. Лекин энг муҳими, бизни умумий манфаатлар бирлаштиради. Қозоғистон инсоният ва сайёрамиз манфаати учун БРИКС билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр. Келинг, биргаликда ва фаол ҳаракат қилайлик. Шу муносабат билан сизларни 2026 йилда Қозоғистон БМТ билан ҳамкорликда ўтказадиган Минтақавий экологик саммитда иштирок этишга таклиф қиламан, — деди Мурат Нуртилеу.
Вазир, шунингдек, Бразилия томонига самимий қабул, тадбирнинг юқори савияда ташкил этилгани ҳамда Глобал Жануб мамлакатлари ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилган очиқ мулоқот муҳити учун миннатдорлик билдирди.
Саммит доирасида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан шахсий учрашуви бўлиб ўтди, унда томонлар икки ва кўп томонлама форматларда ҳамкорликни ривожлантириш йўллари ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БРИКС саммитининг санаси ва жойи маълум қилингани ҳақида хабар берган эдик.