Қозоғистон боксчилари Москвада ғалаба қозонишди

Бек Нурмағанбет 42 ёшли колумбиялик Хосе Мигель Торрес (33-12, 27 КО) билан учрашди ва уни биринчи раунддаёқ нокаутга учратди. Эслатиб ўтамиз, Б.Нурмағанбет суперўрта вазн тоифасида WBА International йўналиши чемпиони ҳисобланади. У ҳаваскор бокс бўйича Осиё чемпионати ғолиби бўлган.
Евгений Павлов венесуэлалик боксчи Эдиксон Перес (24-8, 18 КО) билан 8 раундлик жанг ўтказди. Учрашув охиригача давом этди ва ҳакамларнинг бир овоздан қарори билан Е.Павлов фойдасига якунланди. Эслатиб ўтамиз, Евгений Павлов ҳам иккинчи енгил вазн тоифасида WBА International камари соҳиби.
Бундан ташқари, ҳакамларнинг бир овоздан қарори билан супероғир вазнли Данила Семенов ғалаба қозонди. У аргентиналик «Покемон» лақабли Пабло Фариасни (32-6, 17 КО) мағлуб этди. Қозоғистонлик спортчи рақибининг бўйнига зарба бергани учун ҳакамлар 1 очко олиб ташлашди. Аммо бу унинг ғалаба қозонишига тўсқинлик қилмади.