Қозоғистон аҳолисининг 96 фоизи ичимлик суви билан таъминланган – статистика

ASTANA. Kazinform – 2025 йилда Қозоғистон аҳолиси 100 фоиз сифатли ичимлик суви билан таъминланади. Бу ҳақда ҚР Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлигининг Қурилиш ва уй-жой коммунал масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Азимбек Пазилбекули маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
None

2000 йиллардан бошлаб турли дастурлар асосида фуқароларимизни ичимлик суви билан таъминлаш ишлари олиб бориляпти.

«Ичимлик суви», «Оқбулоқ», «Ҳудудларни ривожлантириш», «Нурли жер» дастурлари доирасида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш кўрсаткичи 96,8 фоизни ташкил этди.

«Яъни, мамлакат аҳолисининг умумий сони 19,7 миллион кишини ташкил этса, уларнинг 19,1 миллиони сув билан таъминланган. Қолган 600 минг киши 2025 йил охиригача ичимлик суви билан таъминланади», - деди А. Пазилбекули Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Маърузачининг айтишича, чучук ер ости сувларининг асосий ресурслари, яъни 57 фоизи жанубий вилоятларда жойлашган. Атирау, Шимолий Қозоғистон, Манғистау, Қостанай ва Ақмола вилоятларида чучук сув ресурслари чекланган.

«Бу ҳолат аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш бўйича вазифаларни режалаштириш ва амалга оширишда зиммамизга алоҳида масъулият юклайди, чунки олдимизда 2025 йилда аҳолини 100 фоиз сифатли ичимлик суви билан таъминлаш вазифаси турибди. Ушбу кўрсаткичга эришиш «Уй-жой коммунал инфратузилмасини ривожлантириш» концепцияси доирасида режалаштирилган. Умуман олганда, Сув кодексига мувофиқ, вазирлигимиз томонидан аҳоли пунктлари чегарасида, Экология ва табиий ресурслар вазирлиги эса аҳоли пунктлари чегарасидан ташқарида гуруҳли сув қувурларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга оширади. Шу билан бирга, Ҳукумат аппарати икки давлат органи фаолиятини мувофиқлаштиради. Ҳозирда Президент топшириғига кўра янги сув кодекси яратилмоқда, уни йил охиригача Парламентга киритиш режалаштирилган», - деди қўмита вакили.


Сўнгги хабарлар