Қозоғистон: 2030 йилгача қишлоқ хўжалигида 1,7 мингта янги инвестиция лойиҳаси амалга оширилади

ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов раислигида ўтказилган йиғилишда Агросаноат комплексини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг марказлаштирилган лойиҳаси кўриб чиқилди, деб хабар беради primeminister.kz.
None

Қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Қарашўкеев мазкур ҳужжат келгуси йилларда маҳаллий агросаноат мажмуаси соҳасига таъсир кўрсатадиган глобал муаммолар ва жаҳон тенденциялари, шунингдек, бизнес ва экспертларнинг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганини таъкидлади.

Концепциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: саноатда меҳнат унумдорлигини 2 баробар ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 3 баробар ошириш, шунингдек, барча озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзини-ўзи таъминлашни камида 90 фоизга етказиш.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигининг асосий капиталига йўналтирилган инвестициялар ҳажмини ўртача 2,5 баробарга ошириш кўзда тутилган.

Жумладан, уруғлик сотиб олишни субсидиялаш ва уруғчилик хўжаликларини модернизация қилиш ҳисобига буғдой ҳосилдорлигини 20 га/ц гача ошириш чоралари кўрилади.

Суғориладиган ерлар майдонини 3 миллион гектарга, минерал ўғитлар даражасини эса 40 фоизга етказиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, имтиёзли лизинг ва давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган бошқа чора-тадбирлар ҳисобига қишлоқ хўжалиги техникаларини янгилаш суръатини 7 фоизга етказиш керак.

– Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун ягона экин экишдан воз кечиб, илмий алмашлаб экиш, ишлаб чиқаришга замонавий ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш зарур. Уруғчиликни ривожлантириш бўйича махсус комплекс режа ишлаб чиқилиб, унинг доирасида илмий ташкилотларни селексиянинг замонавий усулларига ўтказиш ишлари бошлаб юборилди. Уруғчилик хўжаликларининг уйғун тизими яратилмоқда, уларнинг асосий субъектлари Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот миллий хизматимиз илмий-тажриба хўжаликлари бўлади», - деди Қишлоқ хўжалиги вазири.

Ер ресурсларини бошқариш самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги ерларининг ягона рақамли платформасини ишга тушириш, ер участкаларини ҳисобга олиш жараёнини автоматлаштириш, шунингдек фойдаланилмаётган ерларни аниқлаш ва уларни муомалага киритиш бўйича ишларни давом эттириш кўзда тутилмоқда.

Чорвачиликда наслчиликнинг замонавий усулларини жорий этиш, ем-хашак етиштиришни рағбатлантириш, яйловлар инфратузилмасини ривожлантириш, умуман, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари бош сонини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажмини ошириш мақсадида хорижий етказиб берувчилар реестридаги Қозоғистон корхоналари рўйхатини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бу экспорт ҳажмини 9,9 миллиард долларга етказиш имконини беради.

Умуман олганда, 2030 йилгача қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида умумий қиймати 4,5 триллион тенге бўлган 1700 дан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бу республика экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширади.

Қишлоқ хўжалиги фанига келсак, амалий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ва уларни тижоратлаштириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида билимларни тарқатишнинг замонавий миллий тизимини яратиш кўзда тутилган.

«Аграр фанни дастурий молиялаштиришни ҳар йили ошириш, ёш олимлар учун тармоқ грантларини молиялаштиришни жорий этиш режалаштирилган. Натижада агросаноат мажмуасида жорий этилган илмий ишланмалар улуши 14,5 фоиздан 40 фоизга ошиши керак», - деди Ербол Қарашўкеев.

Умуман олганда, концепциянинг амалга оширилиши ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан бойитиш, 70 мингга яқин хонадон ва 400 мингга яқин иш ўрни яратиш имконини бермоқда.

Фото: primeminister.kz


Сўнгги хабарлар