Коронавирус: Қозоғистонда бугун 82 ёшли пенсионерлар тузалиб чиқди
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илёс Мухамеджан шу кунгача (20 апрел соат 17:40 - таҳр.) Шарқий Қозоғистонда коронавируснинг тасдиқланган 8 та ҳолати қайд этилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, тузалиб кетганлар орасида вилоят марказидан икки киши ва Семей шаҳридан битта бемор бор.
«Биз уларни бугун чиқардик. Ўзларини яхши ҳис қиляпти. Семейлик аёл 1959 йилда туғилган, ўскеменлик беморлар эса - 1938 йилда туғилган онахон ва 1938 йилда туғилган отахон. Беморларда COVID-19нинг ҳеч бир белгилари кузатилмаяпти, синовлар нормал. Рентген ва компьютер томографиясида касаллик белгилари аниқланмади. Биз икки маротаба ПЦР синовларини ўтказдик, иккаласи ҳам салбий натижаларни кўрсатди», - дея таъкидлади Илёс Мухамеджан.
Айни дамда Қозоғистонда коронавирус инфекциясидан тузалиб чиққанлар сони жами 428 нафарни ташкил қилмоқда.
Эпидемия бошлангандан бери жами 1775 та касаллик юқтириш ҳолати қайд этилган, 19 нафар бемор оламдан ўтди.