Корея ҳукумати Ўзбекистонга статистика лойиҳаси учун 3,8 млн долларлик грант ажратди

TASHKENT. Kazinform — Корея ҳукумати “Статистика салоҳиятини ошириш” лойиҳаси учун Ўзбекистонга 3,8 млн долларлик грант ажратди, деб хабар беради ЎР Миллий статистика қўмитаси.

Корея ҳукумати Ўзбекистонга статистика лойиҳаси учун  3,8 млн долларлик грант ажратди
Фото: ЎР Миллий статистика қўмитаси

Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси ва Корея Республикасининг “Statistics Korea” идораси ўртасида 2025–2028 йилларга мўлжалланган “Статистика салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида муҳим ҳамкорлик бошланди.

Корея ҳукуматининг ривожланишга расмий ёрдам дастури (ODA) доирасида 3,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант асосида молиялаштириладиган ушбу лойиҳа Ўзбекистонда статистика тизимини модернизация қилиш, рақамли технологиялар ва халқаро тажрибаларни жорий этишга қаратилган.

Айни пайтда Корея статистика идораси вакиллари Миллий статистика қўмитасига ташриф буюриб, лойиҳа доирасидаги якуний йўналишларни муҳокама қилмоқда. Муҳокамаларда кадрлар малакасини оширишга алоҳида эътибор берилди. Бу йўналишда Миллий статистика қўмитаси ходимлари учун Корея ва Ўзбекистонда ўқув курслари ташкил этилади, шунингдек, Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида компьютер ва аудио қурилмалар билан жиҳозланган замонавий ўқув хоналари ташкил этилади.

Лойиҳа доирасида CATI (компьютер ёрдамида телефон орқали интервью ўтказиш) тизими жорий этилади, бу эса танланма кузатувларни тезкор ва аниқ амалга ошириш имконини беради.

Шунингдек, маъмурий маълумотлар базаларини бошқариш тизими яратилиб, давлат органлари ўртасида маълумотлар интеграцияси таъминланади ва статистик таҳлиллар автоматлаштирилган, ишончли платформаларда амалга оширилади.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон статистика тизимига инновация ва юқори технологияларни жорий этиш, соҳани халқаро андозаларга мос равишда ривожлантиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 10 йилда ўқитувчилар сони 170,9 минг нафарга ошгани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар