Конституция расман 1 июлдан кучга киради
ASTANA. Kazinform — Бу ҳақда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Конституция қабул қилинишига бағишланган тантанали йиғилишда маълум қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
“Бугун барчангиз тарихимиздаги жуда муҳим, аҳамиятли ва ўчмас воқеага гувоҳ бўлдингиз.
Давлат раҳбари сифатида мен бутун халқ номидан Конституциямизни имзоладим. Шунингдек, Конституцияни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармонни ҳам имзоладим.
Энди Халқ Конституцияси 1 июлдан бошлаб расмий равишда кучга киради. Конституция кунини эса давлат байрами сифатида миллий даражада ҳар йили 15 март куни нишонлаймиз.
Мамлакатимизнинг барча аҳолисини Конституциямиз билан табрикламоқчиман”, — деди Президент.
Давлат раҳбари Конституция - давлатимизнинг узоқ муддатли мақсад ва вазифаларини белгилайдиган ва миллатимизнинг келажакдаги тақдирига бевосита таъсир кўрсатадиган тарихий ҳужжат эканлигини таъкидлади.
“Бу - ҳақиқатан ҳам Халқ Конституцияси. Унинг лойиҳаси тахминан икки йил олдин ишлаб чиқила бошланди. Кейинчалик диққат билан муҳокама қилинди, ўрганилди ва ёзилди. Конституциямиз тинимсиз жамоавий иш натижасидир. Бугун биз бир мамлакат сифатида миллат тарихида янги босқичга эришдик, сифат ва мазмун жиҳатидан туб ўзгаришларнинг ноёб даврига кирдик.
Кечагина мамлакатимизда умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилди. Жамоатчилик унда фаол иштирок этди.
Фуқароларимиз ўз танловини қилдилар, халқимиз янгиланиш ва тараққиёт йўлини қўллаб-қувватлади. Халқимиз Ватанимиз келажаги учун жуда масъулиятли пайтда биргаликда меҳнат қилди, умумий ишга улкан ҳисса қўшди. Буюк Абайнинг "Бирлик - бу ақл бирлиги" деган насиҳат сўзи шундай пайтда айтилган бўлса керак”, - деди у.
Эслатиб ўтамиз, Президент Қозоғистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармонни имзолади.