Қизилўрда вилояти қурилиш ишлари кўрсаткичлари бўйича пешқадамлик қилмоқда

QYZYLORDA. Кazinform — Қизилўрда вилоятида жорий йилнинг 9 ойида қурилиш ишлари ҳажми 173 миллиард 830 миллион тенгега етди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 143,6 фоизга ошган. Сўнгги 2 йилда Қизилўрда вилояти бу кўрсаткич бўйича республикада етакчилик қилмоқда.

Қизилўрда вилояти қурилиш ишлари кўрсаткичлари бўйича пешқадамлик қилмоқда
Фото: Қизилўрда вилояти ҳокимлиги

Бу ҳақда вилоят ҳокими Нурлибек Налибаев Марказий коммуникациялар хизматининг Қизилўрдада бўлиб ўтган брифингида таъкидлади.

“2023-2029 йилларда турар жой коммунал инфратузилмасини ривожлантириш концепцияси доирасида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан давлат кўмагида 864 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз. Жорий йилда уй-жой қуриш ва хусусий уй-жой мулкдорларидан тайёр квартиралар сотиб олиш учун бюджетдан 39,1 миллиард тенге ажратилди. Йил охиригача 2,5 мингдан ортиқ хонадон фойдаланишга топширилади. Айни пайтда Миллий лойиҳа доирасида 1 минг 154 хонадонли 21 турар жой биноси қурилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар учун 1 минг 819 та хонадон, эскирган уйлар ўрнига 135 та хонадон сотиб олиш режалаштирилган. Бугунги кунда ушбу гуруҳлар учун 780 та хонадон сотиб олинди. Икки йил давомида 4 мингга яқин хонадон топширилиб, 17 минг нафар аҳолининг уй-жой муаммоси ҳал этилди”, – дейди Н.Налибаев.

Уй-жой қурилиши ҳажми 126 фоизга ошди. 2022 йилда 683 минг квадрат метрга, 2023 йилда эса 741 минг квадрат метрга етди. Жорий йилда эса йил охиригача 864 минг квадрат метрга етказиш режалаштирилган.

Жорий йилда қурилиш соҳасида 189 та лойиҳани амалга ошириш учун 134,8 миллиард тенге ажратилди. Жумладан, 36 та таълим, 22 та соғлиқни сақлаш, 13 та маданият, 14 та спорт, 1 та жамоат тартибини сақлаш, 1 та сафарбарлик тайёргарлиги, 3 та давлат органи биноси, 1 минг 154 хонадонли 21 та уй-жой қурилиши, 85 та муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси лойиҳалари мавжуд.

Йил бошидан буён Қизилўрда шаҳрида “Санъат маркази”, “Қон маркази”, “Стол тенниси маркази”, “Ўқувчилар саройи” ҳамда чап қирғоқда 900 ўринли қулай мактаб фойдаланишга топширилди.

Янги стадион, “Инновацион-ижодий марказ”, мусиқа коллежи биноси қурилиши бошланди. Ҳозир барча туманларда намунавий “Маънавият марказлари” барпо этилмоқда. Бу маскан музей, кутубхона, архив, никоҳ саройи, фахрийлар ва онахонлар, ёшлар марказлари, фуқаролик жамияти ва тарихий, маданий-маънавият ташкилотлари вакилларини бирлаштиради.

Шунингдек, 9 та амбулатория ва 2 та фельдшерлик пункти, Жанақорған туманидаги Тўменариқ қишлоғида шифохона, Орол туманидаги Сексеуил қишлоғида шифохона, Жанақорған қишлоғида “Ўқувчилар уйи” ҳамда 3 та қулай мактаб фойдаланишга топширилади. Жорий йилда ҳомийлар ҳисобидан 17 объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди.

Сўнгги хабарлар