Кейинги икки йил ичида 3 мингдан ортиқ қишлоқ юқори тезликдаги интернет билан таъминланади
ASTANA. Kazinform – Кейинги икки йил ичида 3 мингдан ортиқ қишлоқ оптик толали алоқа орқали юқори тезликдаги интернет билан таъминланади. Бу ҳақда бугун Ҳукумат йиғилишида Бош вазир ўринбосари - Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев маълум қилди.
“Қозоғистон тўлақонли рақамли мамлакатга айланиш учун барча зарур соҳаларни қамраб олмоқда. Замонавий рақамли инфратузилмани ривожлантириш, киберхавфсизликни таъминлаш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва кўламини кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда Қозоғистонда 6 мингдан ортиқ қишлоқ аҳоли пунктлари мавжуд. Улардан 3 мингдан ортиғи бу йил ва келгуси йилда оптик толали алоқа орқали юқори тезликдаги интернет билан таъминланади”, – деди Бош вазир ўринбосари.
У шу тариқа аҳолининг 99 фоизи юқори тезликдаги интернетга уланиш имкониятига эга бўлишини таъкидлади. Бироқ, уни амалга ошириш учун маҳаллий ижро этувчи органлар ер участкаларини ажратишда тўлиқ ёрдам кўрсатиши керак. Ҳокимликлар ўз ҳудудларида интернет сифати устидан давлат назоратини амалга ошириш ва жарима солиш ваколатига эга.
“Қишлоқларга интернетни олиб киришдан ташқари, қишлоқдаги ҳар бир уйга оптик толали тармоқ қуриш ишлари олиб борилмоқда. Бу “Сўнгги миль” лойиҳаси деб аталади. Ушбу лойиҳа доирасида 400 минггача хонадон учун оптика қуриш режалаштирилган. Қўшимча 2,5 миллион киши қамраб олинади. Ҳокимликлар оптик кабелларни осиб қўйиш учун электр устунларига киришни ташкил қилишлари шарт бўлади”, - деди Жаслан Мадиев.