Қатар миллий музейида қозоқ тилидаги аудиогид ишга туширилди
Қатар Миллий музейи қозоғистонлик сайёҳлар учун қозоқ тилида мамлакат тарихи ва маданияти, ўзига хос анъаналари ва турмуш тарзи ҳақида ҳикоя қилувчи аудиогидни ишга туширди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.
Бугунги кунда ушбу аудиотур араб ва инглиз тилларидан ташқари француз, корейс, турк, ҳинд, испан, рус ва украин тилларига ҳам таржима қилинган.
Давлат тилининг мақоми ва нуфузини ошириш мақсадида Қозоғистоннинг Қатардаги Элчихонаси томонидан Доҳада таҳсил олаётган бир гуруҳ қозоғистонлик талабалар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида музей ёдгорликлари ҳақидаги аудиомаълумотлар қозоқ тилига таржима қилинди.
Қатар тарихи ва нодир артефактлари бўйича ўттиз бир қисмдан иборат аудиотур Қатар миллий музейига ташриф буюрувчилар учун ҳам, музейнинг расмий веб-сайти орқали масофадан туриб китобхонлар учун ҳам мавжуд.
Умуман олганда, Қозоғистон ва Қатар ўртасидаги маданий ҳамкорликка салмоқли ҳисса қўшаётган мазкур лойиҳа давлат тилининг халқаро миқёсда машҳурлигини оширишга, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг она тилини билиш даражасини оширишга ва қозоқ тилини ўрганишга қизиққан ҳар бир фуқаронинг саъй-ҳаракатларига туртки беради.
Яқин Шарқ минтақасидаги музейлар орасида Қатар миллий музейи энг катта артефактлар коллекциясидан ташқари ўзининг ажойиб меъморчилиги билан ҳам ажралиб туради.
Музей биносининг чўл атиргули шаклидаги дизайни Притцкер мукофоти совриндори, таниқли француз архитектори Жан Нувель томонидан яратилган.
Ўтган йили жаҳон чемпионати ўтказилган Доҳа шаҳри минтақада жадал ривожланаётган янги сайёҳлик маскани дейиш мумкин. 2022 йилда Қатар 2,5 млн турист қабул қилган.
Уларнинг аксарияти АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой ва қўшни араб давлатлари фуқаролари эди.
Қозоғистонлик сайёҳлар орасида Қатар давлатининг машҳурлиги ортиб бормоқда.