Қасим-Жомарт Тоқаев ва Никол Пашинян ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказди

Президент Армения
Фото: Ақорда

YEREVAN. Kazinform – Давлат раҳбари Ереванда Қозоғистон Президенти сифатида илк бор расмий ташриф билан бўлганини таъкидлади ва самимий қабул учун барча арман халқига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, мамлакат Арманистоннинг қадимий тарихи, бой маданияти ва анъаналарига алоҳида ҳурмат билан қарашини айтди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Арманистон Қозоғистоннинг Жанубий Кавказдаги ўта муҳим ва ишончли ҳамкори эканини таъкидлади.

“Бизнинг муносабатларимиз бузилмас дўстлик ва ўзаро ёрдамга асосланган. Икки томонлама муносабатларни жонлантириш умумий мақсадимиздир. Минтақавий ва халқаро хавфсизлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдан мақсадимиз бир. Бу йил икки давлат ўртасида Дўстлик ва ҳамкорлик шартномаси тузилганига 25 йил тўлди. Бу вақт мобайнида Астана ва Ереван ўртасида узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори яратилди. Биз Арманистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Шу боис бугунги ташриф мен учун жуда муҳим”, – деди Президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бугунги музокаралар икки давлат ҳам юқори даражадаги ҳамкорликни сақлаб қолишдан манфаатдор эканини исботлайди.

“Бугун кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Биз аниқ келишувларга эришдик. Жаноб Пашинян буни ҳозиргина тўлиқ айтди. Хусусан, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги алоқалар кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдик. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сўнгги беш йилда барқарор ўсиб бормоқда”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар мавжудлигига эътибор қаратди.

Президент Армения
Фото: Ақорда

“Товар айланмасини оширишга туртки берадиган янги йўналишларни излаш зарур, деган умумий фикрга келдик. Экспорт-импорт товарлари турларини кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўришимиз керак. Бунинг учун мавжуд имкониятдан имкон қадар самарали фойдаланиш керак. Қозоғистон Арманистонга экспорт ҳажмини 350 миллион долларгача оширишга тайёр”, – деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев саноат, қурилиш, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, молия, инновациялар, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлаб, арман томонига қатор қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди.

“Бу, айниқса, ҳозирги мураккаб геосиёсий ва геоиқтисодий вазиятда долзарбдир. Бу борадаги ишлар Ҳукуматлараро комиссия томонидан қаттиқ назорат қилинади. Бундан ташқари, биз бизнес миссияларини фаоллаштиришимиз керак. Бу қадам тезроқ Ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилишига, икки давлат ишбилармонлари ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Бу ҳам сармоявий муносабатларни яхшилаш имконини беради”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президент ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашда транспорт ва логистика муҳимлигини таъкидлади ва Қозоғистон Арманистоннинг Жанубий Кавказда транспорт алоқаларини тиклаш истагини юксак қадрлашини таъкидлади.

“Шу билан бирга, Бош вазир Никол Пашиняннинг “Тинчлик маскани” ташаббусига ҳам ижобий муносабатдамиз. Бундан ташқари, икки мамлакат пойтахти ва бошқа шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар очиш ташаббусини қўллаб-қувватладик. Агросаноат соҳасида товар турларини кўпайтириш ва уларни етказиб бериш муаммоларини муҳокама қилдик. Шунингдек, рақамли технологиялар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш зарур. Қозоғистон арманистонлик ҳамкорлари билан ушбу муҳим соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ниятида”, – деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакат Арманистон билан маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.

“Бу йил Қозоғистонда Арманистон маданияти кунлари бўлиб ўтади. Бу муҳим воқеа, шубҳасиз, халқларимизни янада яқинлаштиради. Айниқса, маънавий алоқаларимизни жонлантиради. Биз Арманистоннинг муҳтарам Бош вазири билан Ереван кўчаларидан бирига Улуғ Абай номини бериш ҳақида ҳам келишувга эришдик. Астана кўчаларидан бирига арман алифбоси асосчиси Авлиё Месроп Маштоц номи берилади. Қолаверса, қипчоқ тилидаги арман ёзувида ёзилган қўлёзмаларни ўрганиш бўйича илмий гуруҳ ташкил этиш ташаббусини мамнуният билан қарши олдик. Уни Евроосиё миллий университети ва Ереван давлат университети ҳамкорликда амалга оширади”, – деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев арманистонлик спортчиларни шу йилнинг сентябрь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтадиган бешинчи Жаҳон кўчманчилар ўйинларида иштирок этишга таклиф қилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Арманистон Бош вазири билан музокаралар чоғида минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилганини маълум қилди.

“Қозоғистон ва Арманистон кўп томонлама тузилмалар доирасида самарали ҳамкорликни давом эттирмоқда. Минтақавий ва халқаро миқёсдаги кўплаб долзарб масалалар юзасидан мамлакатларимизнинг позициялари ўхшаш. Ташаббусларимизни ўзаро қўллаб-қувватлаш анъанага айланган. Буни катта миннатдорлик билан қайд этмоқчиман”, – деди Президент.

Шундан сўнг, Давлат раҳбари Қозоғистон Жанубий Кавказда тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшишга тайёрлигини маълум қилди.

“Келгусида ҳамкорликда ишлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш жараёнида фаол иштирок этишга келишиб олдик. Биз Арманистон ва Озарбайжоннинг тинчлик шартномасини тузиш истагини тўлиқ олқишлаймиз. Ҳурматли Бош вазир таъкидлаганидек, Қозоғистон ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва яхши хизматлар миссиясини ўз зиммасига олишга тайёр. Яъни икки давлат ўртасида музокаралар олиб бориш учун ўз платформасини таклиф этади. Бизнинг асосий мақсадимиз – дўст мамлакатларимизни бир-бирига янада яқинлаштириш, минтақада мустаҳкам дўстона қўшничилик, тинчлик ва барқарор тараққиётга йўл очишдир”, – деди Президент.

Давлат раҳбари бугунги музокаралар ўзаро ишонч ва англашув руҳида ўтганини алоҳида таъкидлаб, ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги муносабатларга янги суръат бағишлашига ишонч билдирди.

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев нутқ сўнгида Никол Пашинянни Қозоғистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

Арманистон Бош вазири бугунги музокаралар давомида эришилган келишувлар муҳимлигини таъкидлади.

“Олий даражадаги мулоқотимизни ҳозиргина имзолаган қўшма баёнот ҳам тасдиқлади. Бу икки томонлама муносабатларимизни янада ривожлантириш учун жуда муҳим. Қозоғистон делегациясига чинакам ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги позицияси учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Биз кўп томонлама кун тартибини янада кенгайтириш имкониятларини белгилаб олдик. Шунингдек, янги лойиҳалар, жумладан, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб бердик. Товар айирбошлаш доимий ўсиб бораётганига қарамай, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича салоҳиятимиз тўлиқ фойдаланилмаётгани ҳақидаги фикрга қушиламиз”, – деди Арманистон Ҳукумати раҳбари.

Сўнгги хабарлар