Қасим-Жомарт Тоқаев Сулейман Демирел номидаги университетга борди
Университет ректори Алимжан Игенбаевнинг айтишича, бу ерда 8500 дан ортиқ талаба таҳсил олади. Улар орасида Марказий Осиё, Хитой, Россия, Мўғулистон, Индонезия фуқаролари бор. Шунингдек, таълим муассасасида 500 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда.
Давлат раҳбарига университетда қозоқ тили, Қозоғистон тарихи, математика ва IT йўналишларида лойиҳаларни амалга оширувчи илмий-тадқиқот институтлари, марказлар ва илмий лабораториялар фаолият юритаётгани маълум қилинди. Бундан ташқари, университет 70 та хорижий олий таълим муассасалари билан алоқалар ўрнатган, шунингдек, Erasmus дастури, академик мобиллик ва тажриба алмашиш билан боғлиқ бошқа лойиҳаларда иштирок этиб келмоқда. Қасим-Жомарт Тоқаев ёш ўқитувчилар, олимлар ва талабалар билан суҳбат чоғида таълим тизимига илғор усулларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.
«Ҳозирги кунда технологияни пухта эгаллаш зарур. Мен ўз Мурожаатномамда Қозоғистонни IT саноати ривожланган илғор давлатга айлантириш зарурлиги ҳақида гапирдим. Ўйлайманки, университетларингизда ана шу эзгу мақсадга эришиш йўлида катта саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Умид қиламанки, сиз ўқишда муваффақият қозонасиз. Сизда Буюк Британия ва бошқа хорижий мамлакатларда таҳсил олган малакали профессорлар бор. Ҳаммамиз Қозоғистон фаровонлиги учун меҳнат қилишимиз керак. Қозоғистондан бошқа Ватанимиз йўқ. Мамлакатимизга билимли, фаол, ақлли ёшлар керак. Шунинг учун мен сизларга ишонаман. Барчангизга муваффақиятлар тилайман», – деди Президент.
Муҳандислик-табиий фанлар факультети талабалари «Формула Талаба» муҳандислик танлови лойиҳаси доирасида ишлаб чиқарилган автомобилни Давлат раҳбарига кўрсатди.