Қасим-Жомарт Тоқаев “Қозоғистон – Германия” бизнес-форумида нутқ сўзлади

ASTANА. Кazinform - Ақорда матбуот хизмати Қасим-Жомарт Токаевнинг “Қозоғистон-Германия” бизнес-форумидаги нутқининг тўлиқ матнини эълон қилди.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари ўз сўзини Германия Федерал канцлери Олаф Шольцга ва мамлакатнинг йирик бизнес вакилларига мазкур форумдаги иштироки учун миннатдорчилик изҳор этишдан бошлади.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Канцлернинг расмий ташрифи Қозоғистон-Германия муносабатларида муҳим давр бошланганидан дарак беради ва ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга йўл очади.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги яқин дипломатик муносабатлар кенг кўламли иқтисодий муносабатлар ривожига хизмат қилувчи асосий омил сифатида қаралади. Дунёнинг энг йирик ва ривожланган иқтисодиётларидан бири сифатида Германия ишлаб чиқариш, технология, яшил иқтисодиёт ва инновацияларда жаҳон стандартларини ўрнатади. Германия маҳсулотлари ўзининг беқиёс сифати ва ишончлилиги билан машҳур, - деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 41 фоизга ошиб, 3,9 миллиард долларни ташкил қилган. Германиядан тўғридан-тўғри сармоя ҳам сезиларли даражада ошди. Унинг ҳажми 64 фоизга ошиб, 770 миллион долларга етди. Бу рекорд кўрсаткичдир.

– Умумий қиймати 55 миллиард доллар бўлган 66 та қўшма сармоявий лойиҳа бўйича келишувларга эришдик. Умид қиламизки, немис корхоналари мамлакатимизга кўпроқ кириб, “Қозоғистонда немис сифати бўйичаишлаб чиқарилган ” умумий бренди остида маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўяди, – деди Давлат раҳбари.

Давлат раҳбари Қозоғистон билим ва инновацияларга асосланган янги иқтисодий парадигмани илгари сураётганига эътибор қаратди. Бу мақсадни амалга ошириш учун Қозоғистон туб иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширмоқда. Иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган бундай чора-тадбирлар, энг аввало, ҳалол рақобат ва тадбиркорлик эркинлигини таъминлашга устувор аҳамият қаратмоқда. Иқтисодий ўсишга эришиш учун Қозоғистон янги инвестиция циклини бошлади. Унинг доирасида 2029 йилгача хориждан 150 миллиард доллар тўғридан-тўғри сармоя жалб этиш режалаштирилган.

Қасим-Жомарт Тоқаев ўзаро ҳамкорликнинг бир қатор истиқболли йўналишларини таъкидлади.

– “Жуда муҳим хомашёни сармоя ва технологияга айирбошлаш” прагматик формуласига мувофиқ табиий ресурсларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни ривожлантиришни тавсия қиламиз. Ер ости бойликларимизда 5 мингдан ортиқ ўрганилмаган конлар мавжуд. Бу конларнинг қиймати триллионлаб долларга баҳоланмоқда. Бугунги кунда Европа Иттифоқи мамлакатлари иқтисодиёти учун жуда муҳим бўлган 19 турдаги 34 номдаги нодир материаллар ишлаб чиқарилмоқда. Шу муносабат билан Германиянинг минерал ресурслар агентлиги (DERA) ва қозоғистонлик ҳамкорлар муҳим хомашё савдоси бўйича консорциум тузмоқда. Биз яқин келажакда ушбу ташаббуснинг амалда амалга оширилишини кутамиз. Бундан ташқари, биз HMS Bergbau компаниясининг Шарқий Қозоғистонда литий элементини қайта ишлаш заводи учун қидирув ишларини олиб бориш режасини олқишлаймиз. Ушбу лойиҳага киритилган сармоя миқдори 500 миллион долларни ташкил этади. Мамлакатимизнинг бой ресурс фонди саноат соҳасидаги ҳамкорлигимизни кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратмоқда, - деди Президент.

Давлат раҳбари яна бир истиқболли йўналиш сифатида энергетика соҳасини кўрсатди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ўрганилган нефть захиралари ҳажми бўйича Евроосиё қитъасида иккинчи ўринда туради ва жаҳон бозорига энергия ресурсларини етказиб берувчи йирик давлатлардан бири ҳисобланади. Қозоғистон нефтининг 70 фоизи Европа Иттифоқига жўнатилишини ҳисобга олсак, мамлакат экспорт имкониятларини оширишга, шу орқали жаҳонда энергия ресурслари тақчиллигини камайтиришга ҳисса қўшишга тайёр.

– Мамлакатимизда Германиянинг нефть-газ ускуналари ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш асосий устувор вазифа ҳисобланади. Қисқаси, немис саноати Қозоғистонга келишини истаймиз. Бу мамлакатимиз саноатига илғор технологияларни жорий этишга хизмат қилган бўларди. Қозоғистоннинг қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги салоҳияти ҳалигача тўлиқ фойдаланилмаяпти. Дунёнинг кўплаб йирик "ўйинчилари" бунга кўз тикишмоқда. Масалан, Германиянинг Svevind group компанияси Қозоғистонга 50 миллиард доллар сармоя киритмоқда. Ушбу лойиҳадан мақсад “яшил” водород ишлаб чиқариш ва уни Европа бозорига сотишдир, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Президентнинг таъкидлашича, Қозоғистон стратегик жиҳатдан Евроосиё чегарасида жойлашгани мамлакатнинг минтақадаги асосий савдо-логистика марказига айланиши учун кенг имконият яратади.

Давлат раҳбари “Ўрта коридор” айни пайтда Европага олиб борадиган энг қисқа ва ишончли йўл эканлигига эътибор қаратди. Ушбу магистрал орқали йилига 10 миллион тоннагача юк ташиш мумкин. Шу билан бирга, Қасим-Жомарт Тоқаев Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдони янада жонлантириш мақсадида “Ўрта коридор”ни Трансевропа транспорт тармоғи ва Европа Иттифоқининг “Жаҳон дарвозаси” ташаббуси билан бирлаштиришни таклиф қилди.

Шу билан бирга, Давлат раҳбари Германия билан фармацевтика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш учун катта истиқболлар мавжудлигига ишонади. Мамлакатда дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш жадал ривожланмоқда. 2025 йилгача ички бозорда маҳаллий маҳсулотлар улушини 50 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Президент Қозоғистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Мамлакат жаҳоннинг энг йирик буғдой экспортчиларидан бири сифатида агросаноат мажмуасини модернизация қилиш, соҳага юқори технологиялар ва агротехнологик инновацияларни жорий этишдан манфаатдор.

– Қозоғистон Евроосиёда етакчи ахборот технологиялари марказига айланиш ниятида. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қозоғистонни рақамли технологияларни жорий этиш бўйича етакчи 30 давлат қаторига киритди. Биз илмий лойиҳалар, стартаплар, техник таълим ва кадрлар тайёрлаш, шунингдек, сунъий интеллект соҳасида янги IТ-лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни имкон қадар кенгайтиришга интиламиз, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари “Астана” халқаро молия маркази немис компанияларига янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятларини топишда ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлади.

- Ҳозирда АХММ инвестициялар, инновациялар ва молиявий хизматлар бирлашадиган ноёб минтақавий марказга айланди. Франкфурт, Лондон, Дубай, Нью-Йорк ва Сингапурдаги етакчи халқаро молия марказларининг барча афзалликларидан бу ерда ҳам фойдаланиш мумкин. Марказимиз инвестицияларни жалб қилиш учун солиқ, виза ва меҳнат сиёсати бўйича мисли кўрилмаган қулай шарт ва имтиёзларни таклиф этади. Ҳар бир инвесторга индивидуал ёрдам кўрсатилади. Британия қонунчилигига асосланган адолатли суд тизими мавжуд. “Астана” халқаро молия марказида дунёнинг 80 мамлакатидан уч мингга яқин компания рўйхатдан ўтган. Улардан 20 таси Германия компанияларидир. Тез орада уларнинг сони яна ортади, деган умиддамиз, - деди Президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев ўз нутқини якунлар экан, бугунги учрашув сезиларли натижалар бериши ва Қозоғистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш учун муҳим қадам бўлишига ишонч билдирди.

Сўнгги хабарлар