Қасим-Жомарт Тоқаев ХХР Раиси Си Цзиньпин билан музокара ўтказди

Хитой раҳбари Қозоғистон Президентини Пекиндаги Халқ мажлиси палатасида кутиб олди, дея хабар беради Кazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Президент
Фото: akorda.kz

Олий мартабали меҳмонни кутиб олиш учун фахрий қоровул саф тортди. Шундан сўнг, давлат раҳбарлари ўз делегациялари билан биргаликда Катта Шарқ залида музокаралар ўтказди.

Президент
Фото: Akorda.kz

 

Қасим-Жомарт Тоқаев Си Цзиньпиннинг “Бир макон, бир йўл” III халқаро ҳамкорлик форумида иштирок этиш таклифини қабул қилганини ва Хитойга яна ташриф буюрганини таъкидлади.

─ Қозоғистон биринчи кунданоқ сизнинг глобал ташаббусингизни қўллаб-қувватлади ва уни илгари суришда фаол иштирок этмоқда. Сиз роппа-роса 10 йил аввал Астанадаги нутқингизда бу ташаббус ҳақида гапирганингиз ёдимизда. Фурсатдан фойдаланиб, сизни ушбу мегалойиҳани амалга оширишда ажойиб натижага эришганингиз билан табриклайман ва тадбирингиз муваффақиятли ўтишини тилайман. Шунингдек, сизни Хитой Халқ Республикаси ташкил топганининг 74 йиллиги ва Хитой терма жамоасининг Ханчжоудаги ХIХ ёзги Осиё ўйинларидаги улкан муваффақияти билан табриклайман. Биз Хитойнинг жадал ривожланишини катта қизиқиш билан кузатамиз. Сизнинг доно раҳбарлигингизда Хитой жаҳон етакчисига айланишдек юксак мақсадига эришиш йўлида дадил қадамлар ташламоқда, - деди Давлат раҳбари.

Президент
Фото: Akorda.kz

 

Давлат раҳбари эътиборни ҳар томонлама ва абадий стратегик шерикликка асосланган Қозоғистон-Хитой муносабатлари жадал ривожланиб бораётганига қаратди.

– Биз барча йўналишларда самарали давлатлараро ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Қозоғистонга давлат ташрифингиз ўзаро муносабатларни максимал даражада мустаҳкамлашга янги суръат бағишлади. Ташриф доирасида мамлакатларимиз ҳамкорлигининг янги “олтин 30 йиллиги” бошланди. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-сотиқ муваффақиятли ривожланмоқда. Сезиларли ўсиш бор. Умумий сармояси 21 миллиард доллар бўлган 52 та қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. 2024 йил Хитойда Қозоғистон туризми йили деб эълон қилинди. Бу ушбу соҳа учун жуда кўп имкониятларни очиб беради. Ўзаро маданий-гуманитар алоқалар учун қулай шароитлар яратилмоқда. Ўйлайманки, Қозоғистон ҳам, Хитой ҳам давлатлараро муносабатларни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш учун улкан салоҳиятга эга. Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам Си Цзиньпин Раис, Сизни келаси йили давлат ташрифи билан Қозоғистонга таклиф қиламан, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Хитой Халқ Республикаси Раиси Давлат раҳбарига таклифни қабул қилгани учун миннатдорлик билдириб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

– “Бир макон, бир йўл” юқори даражадаги III халқаро ҳамкорлик форумига хуш келибсиз. Барқарор ва жадал Қозоғистон-Хитой муносабатлари икки давлат ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлайди, тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш йўлида дадил ҳаракат қилишга ёрдам беради. Халқаро вазият қандай ўзгаришидан қатъи назар, Хитой ва Қозоғистон ўзларининг дастлабки позицияларидан четга чиқмайди ва бир-бирига ёрдам беришади. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар йилларида биз абадий ва ҳар томонлама стратегик шерикликни шакллантиришга муваффақ бўлдик. Мен 10 йил аввал Қозоғистонда “бир макон, бир йўл” лойиҳасини бошлаганман, - деди Си Цзиньпин.

Хитой Халқ Республикаси Раисининг сўзларига кўра, Хитой Қозоғистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий, нефть-газ, нефть-кимё, энергетика, молия, транспорт ва транзит, атом саноати, машинасозлик, туризм, электрон тижорат ва юқори технологиялар соҳаларида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Давлат раҳбарлари қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, маданиятлараро алоқалар учун шарт-шароит яратиш муҳимлигини таъкидладилар.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

 

Сўнгги хабарлар