Қасим-Жомарт Тоқаев Дмитрий Медведев билан учрашди
Қасим-Жомарт Тоқаев ва Дмитрий Медведев мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини кўриб чиқдилар. Учрашувда халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари Дмитрий Медведевни янги лавозимга тайинлангани билан табриклади.
- Давлат арбоби сифатидаги бой тажрибангиз, шубҳасиз, Россия давлатчилигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса ҳозир, Россия янги ривожланиш босқичига қадам қўймоқда. Россиядаги конституциявий ислоҳот Қозоғистонда катта қизиқиш уйғотмоқда, чунки биз иттифоқдошмиз, стратегик шерикмиз, - деди Президент.
Дмитрий Медведев янги лавозим эгаси сифатида мамлакатимизга ташриф буюрганининг рамзий маъноси касб этишини таъкидлади.
- Мен буни дўстлигимиз рамзи, иттифоқ рамзи сифатида кўраман. Сўнгги йилларда қилган расмий ташрифларим, биринчи навбатда, сизнинг мамлакатингизга амалга оширилди. Назаримда, бу бизга бир-биримизни яхшироқ англашимизга, стратегик шериклигимизни, иттифоқчилик алоқаларимизни мустаҳкамлашга имкон беради, - деди Россия Хавфсизлик Кенгаши раисининг ўринбосари.
Дмитрий Медведев Давлат раҳбарига Россия Президенти Владимир Путиннинг саломини ва эзгу тилакларини этказди.
Дмитрий Медведев Қозоғистон-Россия ҳамкорлиги ҳақида гапириб, унинг жуда муҳим ва жиддий ривожланиш босқичида эканлигини таъкидлади.
- Сиз биз ўтказаётган конституцион ислоҳотларни айтиб ўтдингиз. Мамлакатингизда кечаётган жараёнларни биз ҳам диққат билан кузатиб борамиз. Бошқа бўлиши мумкин ҳам эмас, чунки биз дўстмиз, шерикмиз ва нафақат бир-биримизнинг ривожланишимизга ёрдам беришимиз, балки, маълум даражада, ўзаро муносабатлар ривожининг баъзи ўтган босқичлари, даврлари ва элементларини қайта ўрганишимиз керак. Россия Хавфсизлик Кенгаши раисининг ўринбосари сифатида ўтказган учрашувларим бунга ҳисса қўшишини таъминлашга ҳаракат қиламан, - деди.
Суҳбатдошлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар, жумладан, икки мамлакатнинг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ҳам фикр алмашдилар.