Қарағандилик фермерларга 800 миллион тенге миқдорида кредит берилади
ASTANА. Кazinform – Бу йил Қарағанди вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестициялар ҳажми икки баравар ошди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 44 миллиард тенгени ташкил этади.
Бу ҳақда вилоят ҳокимии Ермағанбет Бўлекбаев Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
– Агросаноат соҳасида жами 47 миллиард тенгега тенг 31 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу 300 га яқин янги иш ўринларини яратади. Ҳозирда 26 миллиард тенгега тенг 18 та лойиҳа ишга туширилди, — деди вилоят ҳокими.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, қишлоқ тадбиркорларига «Ауыл аманаты» (Қишлоқ депозити) дастури доирасида 800 миллион тенге миқдорида кредит берилади. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга инвестициялар 9 ой ичида 2,6 бараварга ошиб, 7 миллиард тенгега етди.
Бундан ташқари, ҳудудда нархларни барқарорлаштириш чоралари фаол амалга оширилмоқда.
– Нархларнинг ошишини чеклаш учун 2,8 миллиард тенге ажратилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан форвард шартномалари имзоланди ва новвойхоналар қўллаб-қувватланмоқда. Шунингдек, биз фермерлар ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри сотиши мумкин бўлган ижтимоий павильонларни очмоқдамиз. Савдо ўринлари бепул тақдим этилади. Ҳозирда битта павильон фаолият юритмоқда ва яна иккитаси қурилмоқда. Ижтимоий павильонлар шаҳар аҳолиси учун юқори сифатли ва арзон маҳсулотларни олиш, фермерлар учун эса ўз маҳсулотлари бозорини кенгайтириш учун ҳақиқий имкониятдир, - деди Ермағамбет Бўлекбаев.