Қарағанди вилоятида туристик саноат зонаси яратилади
ASTANА. Кazinform – Ҳозирда Қарағанди вилоятида туризм саноати ҳам жадал ривожланмоқда. Бунинг учун вилоят ҳокимлиги аэропортларни реконструкция қилиш ва туристик саноат зонасини қуришни режалаштирмоқда.
– Қарағанди ва Балқаш аэропортларини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Қарағанди аэропорти юк терминали сифатида реконструкция қилинади. Балқаш аэропортини реконструкция қилиш ишлари якунланмоқда. Ушбу лойиҳа аэропортнинг ўтказиш қобилиятини соатига 80 йўловчига оширади ва Балқашдан ҳаво йўллари географиясини кенгайтиради, — деди Қарағанди вилояти ҳокими Ермағанбет Бўлекбаев Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Тез орада ҳудудда туристик саноат зонаси яратилади.
– Хизмат кўрсатиш соҳасидаги муҳим йўналиш туризмдир. Президентнинг топшириғига биноан, Балқашда ИТК механизми орқали инвесторларга санаторий ва меҳмонхона қуриш учун иккита ер участкаси берилди. Туристик саноат зонасини яратиш бўйича ишлар бошланди. Ер участкаси аниқланди ва концепция ишлаб чиқилмоқда. Автомагистрал асфальтланди, электр энергияси ва сув тизимлари тортилди, — дейди вилоят раҳбари.
Туризм саноатини ривожлантириш доирасида йўлларнинг сифати ҳам сезиларли даражада яхшиланди.
— Қарағанди-Балқаш автомагистралининг реконструкцияси шаҳарлар ўртасида транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини сезиларли даражада яхшилади, бу эса келажакдаги саноат зонасини инвесторлар учун янада жозибадор қилди, — дейди вилоят ҳокими.
Балқашдан ташқари, ҳудуддаги яна бир сайёҳлик маскани - Қарқарали.
- Биз "Буғули" дам олиш масканини ривожлантирмоқдамиз. Муҳандислик тармоқларини ётқизиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Инвесторларга меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари қуриш учун 75 гектар ер таклиф этилади, — дейди Ермағанбет Бўлекбаев.
Жами бўлиб, бу йил ҳудудда туризм саноатини ривожлантиришга 19 миллиард тенге сармоя киритилди. Вилоят ҳокимлиги бу кўрсаткич йил охирига қадар 23 миллиард тенгега етиши мумкинлигини айтмоқда. Қарағанди вилоятига ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 29 фоизга ўсиб, ярим йил ичида 200 мингга етди.
Эслатиб ўтамиз, қарағандилик фермерларга 800 миллион тенге миқдорида кредит берилади.