Италия Қозоғистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр

RIM. Kazinform – ҚР Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеубердининг Италия Республикасига ташрифи доирасида Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Луиджи Ди Майо билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Kazinform ҚР Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.
None
None

Томонлар Қозоғистон ва Италия олий раҳбарияти ўртасидаги алоқалар фаоллашгани ҳамда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга ўзаро манфаатдорлик ортиб бораётганини қайд этдилар.

Шу билан бирга, ташқи ишлар идоралари раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш ҳамда стратегик шериклик руҳида шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Ҳукуматлараро ва парламентлараро алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Италия билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

«Италия Қозоғистоннинг Европадаги асосий савдо ҳамкорларидан биридир. Биз мамлакатингиз билан ҳамкорликка катта аҳамият берамиз. Дипломатик муносабатларнинг 30 йили давомида биз яхши натижаларга эришдик», – деди М.Тлеуберди.

Вазир Л.Ди Майо Италия томони ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

«Қозоғистон Марказий Осиёда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик шартномасини имзолаган ягона давлатдир. Биз Марказий Осиё минтақасидаги ишончли ҳамкоримиз билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз», - деди италиялик вазир.

Икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим элементи савдо ва сармоявий ҳамкорликдир. Шу муносабат билан Италия ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Италия томонидан тадбирда Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирининг ўринбосари, саноат-иқтисодий ҳамкорлик ва биржа бўйича ҳукуматлараро Қозоғистон-Италия ишчи гуруҳи ҳамраиси Манлио Де Стефано иштирок этди.

Тадбир давомида икки давлат ўртасидаги савдо-сармоявий алоқаларни кенгайтириш бўйича биргаликдаги ишлар йўллари атрофлича муҳокама қилинди.

Италиялик ишбилармонлар Қозоғистонда ишлаб чиқариш, қурилиш, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва яшил энергетика каби соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Алмати-Милан йўналиши бўйича ҳафтасига икки марталик тўғридан-тўғри авиақатновларни очиш икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилиши муҳимлиги қайд этилди.

Ташриф доирасида М.Тлеуберди Италиянинг Maire Tecnimont, Same Deutz-Fahr, Ansaldo Energie S.p.A. ва бошқа компаниялари раҳбарлари билан ҳам икки томонлама учрашувлар ўтказди. Ишбилармон доиралар вакиллари жорий ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиб, Қозоғистон билан бизнес ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишларини тасдиқладилар. Италия Қозоғистон иқтисодиётининг асосий сармоядорларидан бири ҳисобланади.

ҚР Миллий банки маълумотларига кўра, 2021 йилда Италиядан киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 122,8 миллион АҚШ долларини ташкил қилган. 2021 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 9,6 миллиард долларни (экспорт – 8,8 миллиард доллар ва импорт – 0,8 миллиард доллар) ташкил этди.


Сўнгги хабарлар