Истанбул Медипол университетида Тошкент тиббиёт академияси ваколатхонаси очилди

None
Фото: ssv.uz
TASHKENT. Kazinform - Жорий йил 11-16 июль кунлари Тошкент тиббиёт академияси ректори А. Шодмонов бошчилигидаги делегация Туркиянинг Истанбул Медипол университетида бўлди. Бу ҳақда Kazinform Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Сафар давомида олий ўқув юрти ректори профессор Омер Жеран билан тиббий таълим йўналишидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати атрофлича муҳокама этилди.

Тошкент тиббиёт академияси ва Истанбул Медипол университети ўртасида 2022 йил ҳамкорлик ўрнатилиб, 2023 йил меморандум имзоланган.

Бунинг давоми сифатида шу йил «Катталарда ва болаларда бўғим касалликларига замонавий ёндашув» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди ва унда ушбу олий ўқув юрти клиникасидан бир гуруҳ ортопед-шифокорлар иштирок этди. Тадбир сўнгида ТТА қошида мазкур университет ваколатхонаси очилди.

Ўтказилган бу галги учрашувда эса тиббий таълим йўналишидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Йўл харитаси имзоланди.

Унга кўра, жорий йил мамлакатда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Туркия халқаро соғлиқни сақлаш форумида иштирок этиш, педагог ходимлар малакасини ошириш ва талабаларнинг академик мобиллигини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Мулоқот якунида Истанбул Медипол университети қошида ТТА ваколатхонаси очилиб, ректор А. Шодмоновга университетнинг «Фахрий профессор»и унвони топширилди.

Сўнгги хабарлар
telegram