Исроил ҳужум қилган пайтда ЖССТ раҳбари Яман аэропортида бўлган

ASTANA. Kazinform - Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ямандаги хусийлар позицияларини ўққа тутди, дея хабар беради Kazinform агентлиги DWга таяниб.

Гебрейесус
Фото: Wikimedia

Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати Яманнинг ғарбий қирғоқлари ва ички ҳудудларида хусийлар режимининг ҳарбий объектларига зарба берганини маълум қилди.

Хусийларнинг ўзлари ҳам Исроилнинг ҳаво ҳужумлари ҳақида хабар бериб, Яман пойтахти Сана ва Ходейда порт шаҳридаги нишонларни номлашди.

Ҳужум пайтида ЖССТ раҳбари аэропортда бўлганлиги маълум бўлди.

Тедрос Гебрейесуснинг ўзи хабар берганидек, унинг рейси Санадан учишга тайёрланаётган пайтда аэропортга ҳаводан ҳужум уюштирилган. Самолёт экипаж аъзоларидан бири жароҳатланган, дея қўшимча қилди ЖССТ раҳбари. Унинг ўзи ҳам БМТ ва ЖССТнинг бошқа ходимлари каби зарар кўрмаган.

—Бошқарув минораси, биз турган жойдан бор-йўғи бир неча метр нарида учиш зали ва учиш-қўниш йўлаги шикастланган, — деб ёзган Гебрейесус Х ижтимоий тармоғида. Ҳозир, унинг сўзларига кўра, делегация зарар кўрган жойлар таъмирланишини кутмоқда, аэропорт ўз фаолиятини қайта тиклаши мумкин.

Яқинда Исроил гуруҳнинг Исроил шаҳарларини ўққа тутишига жавобан Яманнинг хусийлар назоратидаги пойтахти Сана шаҳрига ҳужум қилишга ҳозирлик кўраётгани ҳақида огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ХАМАС етакчиси Исмоил Хониянинг ўлимига алоқадорлигини тан олгани ҳақида ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар