Исландия миллий мудофаа тузилмаларини яратиш имкониятини кўриб чиқмоқда

ASTANА. Кazinform — Исландия азалдан ўз армиясига эга бўлмаган давлат сифатида танилган. Бироқ, геосиёсий вазият кескинлашгани сабабли, мамлакат расмийлари мудофаа тузилмаларини яратиш ҳақида ўйлай бошлади, деб хабар беради AZERTAG.

Исландия миллий мудофаа тузилмаларини яратиш имкониятини кўриб чиқмоқда
Фото: Аzertag

АҚШ ва Европа ўртасидаги кескинликнинг кучайиши, Арктика минтақасидаги беқарорлик ва Хитойнинг таъсирининг кучайиши Исландия ҳукуматини миллий мудофаа тизимини ривожлантиришни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди.

Исландия ташқи ишлар вазири Торгейдур Катринн Гюннарсдоттир The Economist нашрига мамлакат мудофаа харажатларини ЯИМнинг ҳозирги 0,2 фоизидан 1 фоиздан юқори даражага кўтариш режаси борлигини айтди. Бундан ташқари, иттифоқчиларнинг ҳарбий кемалари ва самолётларини жойлаштириш учун инфратузилмани қуриш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатдаги муҳим инфратузилма объектларини, масалан, сув ости кабелларини ҳимоя қилиш учун яна бир разведка тузилмасини яратиш ташаббуси ишлаб чиқилмоқда.

Исландия Бош вазири Криструн Фростадоуттир Украина ва Россия ўртасидаги уруш Исландияга ҳам таъсир қилишини айтди. У мамлакат ҳарбий обектларини, жумладан, Кефлавикдаги база инфратузилмасини мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

1950-йилларнинг бошидан бошлаб Исландия мудофааси АҚШ билан тузилган икки томонлама келишув асосида АҚШ ҳарбийлари томонидан таъминланади. Бироқ, 2006 йилдан бери АҚШ ўз контингентининг бир қисмини мамлакатдан олиб чиқишни бошлади. Исландия айни дамда АҚШ ва НАТОга аъзо бошқа давлатлар билан алоқаларни тикламоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, Исландия сиёсатчиларининг мудофаа тизимини ривожлантириш ҳақидаги баёнотлари АҚШ босимига жавоб ёки Гренландияда шундай вазият юзага келмаслиги учун олдиндан чора кўришга уриниш бўлиши мумкин.

Аҳолиси 400 мингдан кам бўлган бу давлат тўлақонли қуролли кучларни барпо эта олиши даргумон. Шу боис қирғоқ қўриқлашни кучайтириш, кузатув тизимларини яратиш каби йўналишлар кўриб чиқилмоқда.

Исландия мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни ким билан - АҚШ, Буюк Британия ёки Европа Иттифоқи билан чуқурлаштириши масаласи очиқлигича қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исландия тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий қилиниши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар