Ҳиндистонда кўршапалакларда охири ўлимга олиб келувчи ўта хавфли вирус топилди
Хабарларга кўра, Nipah вирусини олиб юрувчи кўршапалаклар Махараштра штатидаги Маҳабалешвар ғоридан топилган.
Nipah вируси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан 10 та асосий патогенлар рўйхатига киритилган. Ўлимга олиб келадиган вирус биринчи марта Малайзияда 1998-1999 йилларда чўчқаларда энцефалитга ўхшаш касаллик пайтида аниқланган. Вирус тарқалиши Бангладеш, Малайзия, Ҳиндистон ва Сингапур каби мамлакатларда содир бўлган.
АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг (CDC) маълумотларига кўра, вирус тарқалиши натижасида юқтирганлар орасида ўлим даражаси 1998-2018 йилларда 40 дан 70 фоизгача бўлган.
Ҳозирга қадар Ҳиндистонда ушбу вирус тўрт марта тарқалган. Биринчи ҳолат 2001 йилда Ғарбий Бенгалиянинг Силигури шаҳрида, иккинчиси 2007 йилда Бенгалиянинг Надия шаҳрида қайд этилган. Учинчи ҳолат Керала штатининг Кожикоде шаҳрида 2018 йилда қайд этилган, ўшанда 18 киши инфекциядан вафот этганди. Nipah вирусининг яна бир тўлқини 2019 йилда Кералада қайд этилган.
Айни пайтда вирусга қарши дорилар ёки вакциналар йўқ, бу олимларни катта ташвишга солмоқда.