ICAO раҳбари: ICAO Қозоғистонга фуқаролик авиациясини ривожлантириш бўйича Бош режа тайёрлашда ёрдам беради

ASTANA. Kazinform – Халқаро фуқаролик авиация ташкилоти (ICAO) Кенгаши президенти Сальваторе Шаккитано Астанага ташриф буюриб, Қозоғистонда авиация соҳаси қандай ривожланаётгани ҳақида Kazinform агентлигига интервью берди.

Сальваторе Шаккитано
Фото: Ағибай Аяпбергенов/Kazinform

Қозоғистондаги авиация хавфсизлиги ICAO стандартларига мос келадими?

– Аввало шуни таъкидлаш керакки, Қозоғистон сўнгги йилларда авиация хавфсизлиги ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш соҳасида катта ютуқларга эришди. Сизлар фақат стандартларга риоя қилиш билан чекланиб қолмай, балки уларни самарали амалга оширадиган тизим ярата олдингизлар.

Сўнгги 5-6 йил ичида фуқаролик авиацияси соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Янги сиёсат қабул қилинди, идоралар қайта ташкил этилди, кўплаб ёш ва малакали мутахассислар жалб этилди. Халқаро стандартларни самарали жорий этишда айнан шу кадрлар муҳим ўрин тутмоқда.

Ҳозирги пайтда Қозоғистоннинг авиация хавфсизлиги талабларини бажариш даражаси жуда юқори деб баҳоланмоқда. Текширув натижалари мамлакатнинг кўрсаткичлари глобал ўртача даражадан юқори эканини кўрсатмоқда. Бу – шубҳасиз, катта ютуқ. Албатта, ривожланиш ва такомиллашув доимий жараён бўлиши лозим.

– Бу салоҳият Қозоғистонга нафақат минтақавий, балки глобал ҳаво хаби мақсадига эришиш учун етарлими?

– Авиация – моҳиятан глобал соҳа. Ҳаво алоқалари – халқаро ҳамкорлик воситаси. Бу ерда, аввало, ишончли инфратузилма талаб этилади. Шунингдек, бозорни либераллаштириш ва ҳаво ташувларини омма учун очиқ қилишга қаратилган давлат ташаббуслари муҳим.

Қозоғистон «очиқ осмон» сиёсатини амалга оширмоқда. Бу хорижий авиакомпанияларга ички бозорга осон кириш имконини беради. Шу билан бирга, мамлакатнинг миллий авиаташувчиси ҳам барқарор ўсиш ва ривожланишни намоён этмоқда.

Географик жиҳатдан Қозоғистон Европа ва Осиё-Тинч океани минтақаси ўртасида жойлашган. Бу эса ҳаво алоқаларини кенгайтиришда катта афзаллик беради. Шу боис Қозоғистоннинг нафақат минтақавий, балки глобал авиацияда ҳам муҳим ўрин тутиши учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд.

Келгусидаги муҳим қадамлар – халқаро стандартларга қатъий риоя қилиш, инфратузилмани ривожлантириш ва янги авлод авиация мутахассисларини тайёрлашдан иборат.

– Муттахассислар тайёрлаш борасида ICAO қандай ёрдам кўрсата олади? Қозоғистонлик ёшлар ташкилотда ишлаш учун қандай талабларга жавоб бериши керак?

– Ҳозирги кунда дунё бўйича йилига тахминан 4,6 миллиард киши ҳаво транспорти хизматидан фойдаланади. 2050 йилгача бу кўрсаткич 12,6 миллиардгача етиши мумкин, яъни уч баробар ошиб кетади. Бу ўсишни таъминлаш учун соҳага янги мутахассислар жалб қилиниши шарт.

Илгариги пайтларда авиация ёшлар учун жозибали соҳа саналган бўлса, бугун уларнинг қизиқишини кучайтириш учун махсус саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Шу сабаб ICAO “Келгуси авлод авиация мутахассислари” (Next Generation Aviation Professionals) дастурини амалга оширмоқда.

Бу дастур ёшлар билан ҳатто мактаб босқичиданоқ ишлашга қаратилган. Келаси ойда Жанубий Африкада мазкур дастурга бағишланган глобал саммит ўтказилади. У ерда ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади ва бу сентябрь ёки октябрда ICAO Бош Ассамблеясига тақдим этилади.

ICAOга қўшилишнинг бир нечта усули мавжуд. Ташкилот эълон қиладиган бўш иш ўринларига исталган киши мурожаат қилиши мумкин. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг фуқаролик авиация органлари орқали ҳам ICAO билан ҳамкорлик қилиш имкони мавжуд. Шундай қилиб, стажировка, хизмат сафарлари ёки вақтинча ишлаш орқали Монреалдаги штаб-квартира ёки Париждаги минтақавий офисда халқаро тажриба тўплаш мумкин.

– Астанага бу сафарингиз қандай таассурот қолдирди?

– Транспорт вазири билан учрашув доирасида Қозоғистон фуқаролик авиацияси учун Бош режа лойиҳасини тайёрлаш бўйича келишувга эришдик. Бу – ICAO ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг аниқ ва самарали натижасидир.

ICAO ва Қозоғистон ўртасида алоқалар минтақавий даражада – Париждаги офис орқали, глобал даражада эса Монреалдаги штаб-квартира орқали йўлга қўйилган. Ҳозирнинг ўзида қатор қўшма дастурлар амалга оширилмоқда. Яқинда Қозоғистон Монреалда ICAO қошида ўзининг доимий ваколатхонасини очди.

Бу икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Қозоғистон раҳбариятининг юқори даражадаги қизиқишини ҳисобга олсак, бу ҳамкорлик улкан салоҳиятга эга эканини кўрмоқдамиз. Мамлакат Президенти, Бош вазир ва Транспорт вазири билан учрашиш имкониятига эга бўлганимдан жуда мамнунман. Бу учрашувлар Қозоғистоннинг очиқ ва самарали ҳамкорликка бўлган чин дилидан интилишини кўрсатди.

ICAO номидан Қозоғистонга фуқаролик авиациясини ривожлантиришда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканимизни яна бир бор тасдиқлайман.

Қозоғистоннинг фуқаролик авиациядаги муваффақиятлари – бугун бутун минтақа учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Илгари ушбу ҳудуд Европа ва тез ривожланаётган Осиё–Тинч океани бозорлари ўртасидаги иккинчи даражали йўлак сифатида қараларди. Аммо ҳозир вазият ўзгармоқда: йўловчи оқими шаклланган бозорлардан янги ривожланаётган мамлакатларга қараб йўналмоқда. Бугун дунё аҳолисининг фақат 20 фоизи ҳаво транспортидан фойдаланиш имкониятига эга. Бунга асосий сабаб – чипталар нархи.

Келгуси йилларда Марказий Осиё каби минтақаларда йўловчилар сони ошиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, минтақадаги давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига кучли туртки беради. Қозоғистон бу имкониятни ўз вақтида англаб, ундан фойдаланишга жиддий киришган.

Сўнгги хабарлар