Хомашёни экспортга эмас, ички бозорга жўнатаяпмиз – Олжас Бектенов
ASTANА. Кazinform - Қайта ишланган маҳсулотлар импорти 7,2 фоизга камайди. Бу ҳақда бугун Сенатнинг ялпи мажлисида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов маълум қилди.
“Иқтисодиётни диверсификация қилиш Ҳукумат олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Давлат раҳбари бу масалага доимо эътибор қаратиб келади. Шу боис Ҳукумат ва мутасадди идоралар томонидан бу борада сидқидилдан иш олиб борилмоқда ва бу борада натижалар аллақачон бор, дейиш мумкин. Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда ишлаб чиқариш саноатининг ҳажми саноат секториникидан ошиб кетган. Ҳақиқий рақамлар ҳақида гапирадиган бўлсак, қайта ишлаш саноатининг улуши 47 фоизни, хомашё тармоғининг улуши эса қарийб 45 фоизни ташкил этади. Албатта, бу борада фаол иш олиб бориш керак. Қабул қилинган қарорлар туфайли хомашёни экспортга эмас, биринчи навбатда ички бозорга жўнатаяпмиз. Ушбу тадбирлар натижасида алюминий ва мисни қайта ишлаш кўрсаткичларини икки баробарга оширдик”, — деди О. Бектенов.
Унинг сўзларига кўра, иқтисодиётни диверсификация қилиш йўналишидаги ўта муҳим масала – бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш. Масалан, давлат харидлари доирасида тегишли чоралар кўрилмоқда.
“Биз фақат Қозоғистон ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган маҳсулотлар рўйхатини 1,5 мингдан 4,5 мингтагача товар позициясига кенгайтирдик. Бу ўз навбатида катта ёрдам бўлади. Яъни, бирон-бир давлат органи ёки квазидавлат компанияси ушбу 4500 та товар позицияси бўйича импорт қилинадиган ҳеч қандай маҳсулотни харид қила олмайди. Фақат Қозоғистонда ишлаб чиқарилган товарлар қабул қилинади. Мазкур тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўзидаёқ Қозоғистон ишлаб чиқарувчилари билан тузилган шартномалар сони 55 фоизга ошди. Ушбу шартномаларнинг умумий қиймати 350 миллиард тенгега етди”, — деди Ҳукумат раҳбари.
Унга кўра, мамлакат ҳудудларида йирик ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
“Бу тармоқлар умуман иқтисодиётимиз таркибини ўзгартириш имконини берувчи объектлардир. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилда қайта ишланган маҳсулотлар экспорти 6,4 фоизга ўсмоқда. Аксинча, қайта ишланган маҳсулотлар импорти 7,2 фоизга камайди”, — деди Бош вазир.